Яманнинг собиқ президенти Санодан қочиб кетди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Собиқ президент Аденга келгани айтилмоқда

Яман собиқ президенти Абдраббуҳ Мансур Ҳади пойтахт Санодан қочиб кетган.

У ўтган бир неча ҳафта мобайнида уй қамоғида қолаётган эди.

Жаноб Ҳади Хўсий шиа исёнкорлари босими остида президентликдан истеъфо берган эди.

У сўнгги соатларда жанубдаги Аден шаҳрида экани айтилмоқда.

Хўсий шиалар гуруҳи қудратни эгаллаганларидан бери Ямандан сиёсий инқироз авжига чиққан.

Аввалроқ, рақиб партиялар ўтиш даври кенгашини тузишга келишиб олгандилар.

Пайшанба куни БМТнинг муросасоз музокарачиси Жамол Бенумар рақиб гуруҳлар ўртасида эришилган келишувни олқишлаган эди.

Ҳади жаноблари нима учун ўз уйини тарк этишига рухсат берилгани аниқ эмас.

Президентга яқин мулозимларга кўра, БМТ, АҚШ ва Россия ҳамда маҳаллий партиялар босими остида уни озод этишган.

Хўсийлар шиа мазҳабининг заидийлар оқимидан бўлиб мамлакат шимолидаги аксарият ҳудудларни назорат остига олишган.

Аммо улар мамлакатнинг бошқа бўлгаларида таъсир кучига эга эмас.

Хабарларга кўра, собиқ президент Санодаги қароргоҳидан кетиши билан у ерни талон-тарож қилишган.

Ҳозирга қадар, Ҳади жанобларининг Адендаги тарафдорлари Яманда Хўсийларнинг қудратини тан олишдан бош тортиб келишмоқда.

Ўтган ҳафта Аден, Лаҳиж ва Маҳра вилоятлари раҳбарлари жаноб Ҳадини яна президентлик лавозимига тиклаш талаби билан чиқишган эди.

Хўсий исёнкорлари Санони сентябр ойида босиб олишган эди.

6 феврал куни исёнкорлар парламентни тарқатиб юборган ва 5 мулозимдан иборат “президент кенгашини” жорий этишган эди.

Шундан кейин қатор араб ва Ғарб давлатлари хавфсизлик хавотирлари боис ўз элчихоналарини ёпишган ва дипломатларни Ямандан чиқариб олишганди.

Бу ҳақда фикр-мулоҳазаларингизни uzbek@bbc.co.uk адресига йўлланг.Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02