"Жиҳодга кетган қизларни тўхтатиб қолиш мумкин эди"

Image caption Қизлар ижтимоий тармоқлардаги даъватлар таъсирида жиҳодга қарор қилганлар.

Британиядан уч ўқувчи қизни жиҳодга даъват қилиб чақирганликда айбланаётган глазголик Ақса Маҳмуднинг ота-онаси полиция ва махсус хизматлар қизларни жиҳодга кетишларини олдини олишлари мумкин эди, демоқда.

Уларнинг фикрича, полиция ва махсус хизматлар қизларнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларини кузатганларида, уларни Туркияга чиқиб кетишларига йўл қўймаган бўлардилар.

"Ақсанинг ижтимоий тармоқдаги саҳифаси у ғойиб бўлишидан сўнг мунтазам кузатиб келинади. Қизлар билан ёзишувларига қарамай, уларни Британияни тарк этиб, Туркияга, сўнгра балки Сурияга кетишларига йўл қўйиб берилган".

"Хавфсизлик хизматлари жиддий саволларга жавоб беришларига тўғри келади", деб қайд этади Ақса Маҳмуднинг оиласи ўз мурожаатида.

Айни пайтда Скотланд-Ярд хавфсизлик ва кузатув масалаларини муҳокама қилмаслигини билдирди.

16 ёшли Кадиза Султон ва Шамима Бегим, ҳамда 15 яшар Амира Абас ўтган ҳафта Туркияга, ундан Сурияга жиҳодга кетган бўлишлари мумкинлиги ҳақида хабарлар чиққан.

Сурияга жиҳодга кетгани гумон қилинаётган ўқувчи қизлардан бири сафари олдидан 2013 йилда "Исломий давлат" сафига бориб қўшилган Маҳмуд билан интернетда мулоқот қилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи
Image caption Ақса Маҳмуд 2013 йил жиҳодий келин бўлиш учун Сурияга кетгани айтилади.

Ақса Маҳмуднинг ота-онаси қизларининг ҳаракатини оила учун шармандалик деб атаганлар ва уни исломга хилоф эканини айтиб, қаттиқ қоралаганлар.

Бошқа британиялик қизнинг оиласи бундай ҳаракатни "исломга қасддан зарар етказиш", дея баҳолаган.

Барча қизларнинг оила аъзолари уларни ортга қайтишга чақирганлар, бироқ қизлар жавоб беришмаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Қизларнинг сўнгги тасвири кузатув камералари орқали муҳрланган.

Лондонлик уч ўсмир қиз охирги марта сешанба куни Гатвик аэропортидан Туркияга йўналган учоққа ўтириш учун кузатув постидан ўтаётганларида тасвирга муҳрланишган.

Шамиманинг оиласи шундай мурожаат қилади: "Сурия хавфли жой, сиз у ерда полиция билан боғланинг, улар уйга қайтишларингга ёрдам беришади".

"Биз кулфатдаги инсонларга кўмак бериш каби кучли туйғуингни тушунамиз, лекин сен уйдан туриб ҳам уларни қувватлашинг мумкин. Илтимос, орқага қайт".

Кадизанинг яқинлари "қизларисиз уйлари ҳувиллаб қолгани" ва "нима учун у Сурияга кетишга қарор қилганини тушунмасликлари"ни айтишган.

Амиранинг ота-онаси "Сен кучли, ақлли, гўзалсан. Биз умид қиламизки сен ўйлаб кўриб, тўғри қарорга келасан. Биз сени соғинганмиз", деб мурожаат этади қизларига.

Британия Бош вазири Дэвид Кэмерон ҳукумат қизларга ёрдам бериш учун ҳамма имкониятлар ишга солинишини билдирган.

Расмий маълумотларга кўра, ҳозирда 50 дан 60 нафаргача британиялик ёш аёллар "Исломий давлат" сафида жиҳод қилиш учун Сурияга кетганлари маълум.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02