"Қуръонни нотўғри талқин қилиш Ислом дини тоқатсиз деган фикрга етаклаган"

Мисрдаги олий исломий ўқув даргоҳи бош имоми исломий экстремизмни жиловлаш йўлида диний таҳсилни радикал ислоҳ қилишга чақирди.

Мисрдаги ал-Азҳар университети Бош шайхи Аҳмад Муҳаммад ат-Тойиб бу ҳақда терроризмга қарши анжуманда гапирган.

Уч кунлик аксилтеррор конференция Саудия Арабистонидаги Маккаи мукаррамада бўлиб ўтмоқда.

Шайх Аҳмад ат-Тойиб анжуманнинг очилиш маросимида гапирган.

Шайх Аҳмад ат-Тойиб айтишича, Қуръони каримни нотўғри талқин қилиш Ислом дини тоқатсиз дин деган талқинга етаклаган.

Аксилтеррор анжуманда гапираётиб, шайх барча мусулмонларни бирдамликка даъват қилади.

Унинг таъкидлашича, Қуръон ва Муҳаммад Пайғамбар тарихини нотўғри талқин қилиш экстремизмни келтириб чиқарган.

"Бирдамликни тиклашнинг асосий чораси бу мактаб ва университетлар мусулмонлар экстремист деган тамғани олиб ташлашга хизмат қилиши керак" деган у.

Анжуманда сўзга чиққан Саудия Арабистони подшоҳи Салмон "терроризм мусулмон мамлакатлари ва бутун дунё учун хавф" эканлигини айтади.

"Терроризм экстремистик мафкуранинг меваси бўлган улкан фожеадир", дейди подшоҳ Салмон.

Анжуманда ислом оламининг барча йирик диний уламолари қатнашганлар.

Миср Президенти ал Сисига кўра, Араб дунёси қуролли кучларининг бирлашиши терроризмга қарши курашда жуда муҳимдир.

Унинг айтишича, минтақа тўқнаш келаётган муаммолар бундай ягона кучнинг зарурлигини кун сайин долзарб қилиб қўймоқда.

"Биз бирлашсак, бундай муаммоларни бемалол ҳал қила оламиз", дейди Сиси.

Миср Президентининг қайд этишича, "Исломий давлат" мисрлик 21 насронийни бошини танидан жудо қилган видеони тарқатгандан сўнг, баъзи давлатлар, жумладан Иордания, Саудия Арабистони ва БАА исломий жангариларга қарши ўзларининг ҳарбий ёрдамларини таклиф қилишган.

Шунингдек, ушбу видеодан сўнг Миср Ливияда Исломий давлат манзилларини бомбалаган.

Президент Сисининг билдиришича, Миср кучларининг бошқа мамлакатларга ҳужум қилиш ёки бостириб кириш мақсади йўқ, бироқ мамлакат ва минтақанинг хавфсизлигига таҳдид бўлар экан, шундай йўл тутишга мажбур бўлади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ