Афғонистонда ҳалокатли қор кўчкилари

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Қалин қор боис қутқарув ишлари осон кечмаётир

Афғонистон пойтахти Кобул шимолида юз берган ҳалокатли қор кўчкилари ортидан қутқарув ишлари бошланган.

Ўнлаб одамлар қор тагида қолиб кетишганига ишонилади.

Расмийларнинг айтишларича, 200дан ортиқ инсон нобуд бўлган ва кўплар жароҳат олган.

Жабрланганлар аксари Панжшер вилоятида экани хабар қилинади.

Қалин ёққан қор туфайли жанозалар ҳам кечиктирилган.

Қаҳратон совуқ нисбатан қуруқ ва илиқ қиш ҳавоси ортидан юз берган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Аксар жабарланганлар Панжшер минтақасида

Афғонистонда қор кўчкилари одатий ҳол эса-да, бу галгиси ўтган йилларга қараганда энг ҳалокатлиси дея таърифланмоқда.

2010 йил Саланг минтақасида 20га яқин қор кўчкиси юз берган ва ўшанда 165 инсон ҳаётдан кўз юмганди.

Панжшер ҳокими вазифасини бажарувчи Абдул Раҳмон Кабирий вилоят 30 йил асносида бундай кўламдаги қор кўчкиларини кўриаганини айтган.

Қалин қор йўлларни тўсиб қўйган, маҳаллий аҳоли ва қутқарувчиларнинг чекка қишлоқларга етиб боришлари мушкул кечмоқда.

Айни пайтда Афғонистон крикет жамоаси расмийлари жаҳон беллашувидаги илк ғалабаларини қор кўчкиси жабрдийдалари хотирасига бағишлаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02