Британиянинг собиқ бош жосуси Россия «хавфидан» огоҳлантирди

Фото муаллифлик ҳуқуқи PA
Image caption Сэр Жон: Россия Британияга таҳдид солмоқда...

Британия Жосуслик хизмати MI6 собиқ раҳбари Сэр Жон Сойерсга кўра, Россия Буюк Британия учун хавфга айланган ва мамлакат ўзини ҳамда иттифоқчиларини ҳимоя қилишга тайёр бўлиши керак.

Британиянинг Махфий Жосуслик Хизматини беш йил бошқарган ва ҳозирда нафақада бўлган Сэр Жоннинг Би-би-си билан суҳбатда айтишича, Россия Британияга “бевосита таҳдид” солади.

Унинг айтишича, бу каби хавфни уддалаш учун мудофаа тизимига кўпроқ молия ажратилиши керак.

Аммо, собиқ жосуслик хизмати раҳбари икки давлат орасида “кўпроқ мулоқот” ўтказилиги кераклигига ишонади.

Совуқ уруш (Қонсиз уруш) якунланар экан, Россия Оврўпо йўлини танлади деган қараш чиппакка чиққанидан афсусда эканини айтади Сэр Жон.

Россия таҳдиди, унинг назарида тўғридан тўғри Буюк Британияга бўлмаса ҳам, мамлакат атрофидаги давлатлар учун аниқдир.

"Россия доим ўзининг ядровий қуролларини эслатиб туради”, деб айтган у.

"Россия ва Америка фақат шу ядровий қуроллар соҳасида тенгдир”.

"Биз 1962 йилги Куба ракета инқирози такрорланишини истамаймиз, ўшанда дунё ядро уруши билан рўпара келган эди”.

"Айни муаммони ҳал этиш учун икки ўртада мулоқот кўпроқ бўлиши керак”, деб айтган Сэр Жон.

Махфий Жосуслик Хизматининг собиқ раҳбари Украина шарқида бўлгинчи жангарилар ва ҳукумат қўшинлари жангга кирганидан бир йил ўтиб ўз фикрларини изҳор қилмоқда.

"Биз Россия демократия йўлида деб ўзимизни ўзимиз алдамаслигимиз керак, Россия демократия йўлида эмас”, деб айтган у.

"Биз бугун анчайин хатарнок бир дунёда яшамоқдамиз, Совуқ уруш даврида барқарорлик бор эди, ундан кейин эса Ғарб жаҳонда устивор мавқени эгаллаганди ва бугун айни ҳолат ўзгармоқда”.

Сэр Жонга кўра, Россия хавфсизлик хизматлари учун доим “бошоғриқ” бўлиб келган.

"Инқироз деганда ҳамма нигоҳини Украинага тикмоқда, аслида Украина ҳақиқий муаммо эмас, балки...муаммонинг аломатларидир”.

"Британия соҳилларига яқин ҳудудларда Россия ядровий бомбардимон учоқлари парвоз қилишмоқда”.

Унинг назарида, Путиннинг амаллари ўз хавфсизлигидан хавотирда бўлган раҳбарни ёдга солади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02