Ироқ кучлари Тикрит назорати учун жанг қилишмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ироқ ҳукумати кучлари Саддам Ҳусайннинг она шаҳри бўлган Тикрит назоратини қайтариб олиш учун ҳарбий амалиётлар бошлаган.

Тикрит пойтахт Бағдод шимолидан 150 чақирим узоқда жойлашган.

"Исломий Давлат" жангарилари шаҳарчани 2014 йил июнида ишғол қилишганди.

Қўшинлар шаҳарчага турли жабҳалардан ҳужум қилишмоқда. Аскарлар ҳаводан қирувчи учоқлар билан дастаклаб турилибди.

Ҳукумат ўз қўшинлари шаҳача томон илгарилаётганини айтади. Аммо, бу хабарларни тасдиқлаш имконсиз қолмоқда.

Ал-Ироқия телеканалининг хабар қилишича, ҳозир ИД жангарилари Тикрит ташқарисидаги Салоҳиддин ҳудудига сиқиб чиқарилган.

Ҳукумат кучлари шаҳар қоқ марказига кириб бориш учун бор-йўғи 5 чақирим қолганини айтишган.

Би-би-сининг Бағдоддаги мухбири Аҳмад Маҳирга кўра, бу маълумотлар ҳам мустақил манбалардан тасдиқланмаган.

Мухбиримизнинг хабар қилишича, ҳарбий амалиётларда минглаб шиа жангчилари иштирок этишмоқда.

Ушбу жангчилар "Исломий Давлат"га қарши фаол жанг қилишаётгани айтилади. Аммо, улар ИД ҳужумларига қасос сифатида кўплаб суннийларни ўлдиришда ҳам айбланади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02