БМТ: Украина инқирози қурбонлар сони 6 мингдан ошди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Донбассда хавфсизлик ва инсон ҳақлари билан боғлиқ вазият кескин ёмонлашган.

БМТнинг инсон ҳақлари бўйича миссияси Украинадаги вазият бўйича янги, тўққизинчи ҳисоботини эълон қилган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Олий комиссарлигига кўра, Украина шарқидаги можароларда ҳалок бўлганлар сони 6 мингдан ошган.

Кузатувчиларга кўра, Украина ҳукумат кучлари ва бўлгинчилар ора-орада бир-бирларини ўт очишда айблаб келсаларда, умуман олганда оташкесим сақланиб турибди.

Донецк Халқ республикаси якшанба куни оғир қуролларини жабҳа чизиғидан олиб чиқаётганларини маълум қилганлар.

Бироқ президент Порошенко бўлгинчиларни "қуролларни олиб чиқиш саҳнаси"ни ўйнаб, сўнгра уларни яна қайта олиб кирганликда айблаганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

ОҲҲТ кузатув гуруҳи ҳам томонларни оғир артиллерия қуролларини тўлиқ олиб чиққанлари ҳақида айтишга ҳали эрта, деган.

БМТ маълумотларига қараганда, 2014 йил апрелидан жорий йилнинг 28 февралигача Украина шарқида 5809 инсон ўлган, 14 минг 740 таси яраланган.

Бугун иккинчи мартга келиб қурбонлар сони яна ҳам ошиши мумкин. Донецк аэропорти ва Дебалцеводаги охирги қурбонлар ҳақида етарли маълумотларни олишнинг имкони йўқ. Ушбу ҳудудларда жанговар ҳаракатларнинг кучайиши ҳам ҳарбийлар, ҳам тинч фуқаролар орасида юзлаб инсонлар умрига зомин бўлган.

Ҳисоботда айтилишича, декабр ойида қисқа жимжитликдан сўнг январ ва феврал ойларида Донбассда хавфсизлик ва инсон ҳақлари билан боғлиқ вазият кескин ёмонлашган.

2014 йил 1 декабридан 15 февралгача, оташкесим кучга киргандан сўнг Украина шарқида мингдан ортиқ инсон ўлдирилган.

БМТ ўз ҳисоботида Харков ва Одессадаги портлашлар орқасидан бўлгинчилар Мариуполга киришга ҳаракат қилишларидан хавотир билдиради.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Можарода энг кўп аёллар ва болалар зиён кўрганлар, кўплаб инсонлар ҳануз ертўлаларда яширинишга мажбур бўлишмоқда.

Ҳисоботда қуролли гуруҳлар ва Украина кучлари орасида одамларни ўғирлаш, қийнаш ҳолатлари борлиги келтирилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Исёнчилар назорати остидаги ҳудудларда маҳаллий аҳолининг ҳолати жуда ачинарлидир, дейди БМТ Олий комиссари Зейд Раад ал-Ҳусайн.

БМТ Украина ҳукуматини 21 январдан бошлаб жанг кетаётган ҳудудлардан кириш ва чиқишни чеклаганини танқид қилган.

Ҳисоботда шунингдек, бўлгинчиларга Россия ҳудудидан кираётган қурол ва жангчилар оқими давом этаётгани қайд этилган.

Москва қурол-яроғ юборилаётгани ҳақидаги иддаоларни рад этади, жангчиларни Россиядан борган кўнгиллилар эканини айтади.

Украина томонига кўра, исёнчилар якшанба кечаси ўзларига қарата 21 марта ўт очганлар. Исёнчилар вакили Эдуард Басурин Украина кучлари уларни 17 марта нишонга олганини айтиб, Украина армиясини оташкесимга амал қилмаётганликда айблаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ