Борис Немцовнинг қотили ким?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Немцов ўлимидан ким манфаат кўради?

Борис Немцовнинг ўлимини ҳеч ким ўз зиммасига олмаган ва ҳеч ким ҳибсга олинмаган бир вақтда турфа назариялар ўртага ташланмоқда.

Немцов президент Путиннинг сиёсатига қарши бўлгани ва Россиянинг Украинада урушда иштирокини ўрганаётгани учун ўлдирилдими?

Балки Немцовни Кремл остоналарида ўлдириб кетишар экан, айни шу йўл билан Россия раҳбарларига соя солишни ва ҳатто уларга қарши исён кўтарилишига сабаб бўлишни кўзлашгандир?

Эҳтимол, бу қотиллик Немцовда қасди бўлган бир шахснинг пайтдан фойдаланиб қолганидир?

Қотил Путин эдими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи epa
Image caption Путин қотилликни қоралади...

Би-би-си билан суҳбатда Путиннинг воизи Дмитрий Песков, бу каби назарияни “мантиқсиз” ва “қабул қилиб бўлмас” деб рад этди.

Бир қараганда, Немцов таниқли, матбуот воситалари билан дўстона алоқаларни йўлга қўйган, эски мухолифат раҳбарларидан ва Москвада ўлимидан бир неча кун аввал йирик аксилуруш юришни бошқариши керак бўлган арбоб эди.

"Агар Россиянинг Украина билан урушига қарши ва Путиннинг тажовузини тўхтатиш ниятида бўлсангиз 1-март куни Баҳор юришига келинг”, деб ёзганди Борис Немцов ўлимидан бир неча соат аввал ижтимоий тармоқларда...

Украина президенти Пётр Порошенкога кўра, Немцов “Россия ҳарбийларининг Украинадаги урушга алоқасига доир далилларни” ошкор этиш ниятида бўлган.

Бу каби фаолият албатта Кремлни мамнун қилмаган ва айниқса, бўлгинчиларни дастаклаётган рус миллатчиларининг ғазабини қўзғаши тайин.

Шунда ҳам агар Кремл бу қотиллик ортида бўлса, нима учун айнан Немцов танланди?

Нима учун бошқа ёшроқ ва Немцовдан кўра хавфлироқ бўлган Алексей Навалний ўлдирилмади?

Навалний Путинга қарши бир неча бор коррупция айбловларини ўртага отган ва кўча юришлари, интернет нашрлари билан танилган мухофат лидеридир.

Ана ўша норозилик чиқишларида Немцовнинг ўрни сезиларли даражада эмас эди.

Навалнийга қарши маҳкама ишлари аксарият ишонгани каби сиёсий бўладиган эса, ҳақиқий мухолиф қолиб, ундан ожизроғини қатл қилишдан кимга қандай наф?

Эҳтимол, Россиядаги бебош ва қонундан ташқари гуруҳларнинг ишидир бу қотиллик?

Путин назорати остида бўлган хавфсизлик кучлари халқ орасида анчайин обрўга эга.

Ўтган ой ўтказилган сўровда уларнинг рейтингги 86 фоиз экани айтилди.

Бу қотилликни ана шу хавфсизлик хизматининг қандайдир бир гуруҳи каттароқ тазйиқларни бошлаш учун амалга оширгани ақлга сиғмайди.

Унда нима учун шундоқ Кремл ташқарисидаги кўприкда қотиллик юз берса ҳам, бир неча хавфсизлик камералари бўлишига қарамай, қотилларнинг тасвирлари ошкор бўлмади?

Россия хавфсизлик хизматлари билан алоқада бўлган ўта миллатчи гуруҳлар Немцовни хоин деб билишар эди, эҳтимол, улар айни қотиллик билан Путинни Украинадаги урушдан чиқиш номақбул амал дея огоҳлантиргандир?

Қолаверса, ўтган ой Россия президенти ёрдами билан имзоланган оташкесим алал-оқибат ҳаётга тадбиқ этилаётганди.

Қотилликни Путиннинг душманлари амалга оширдими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Навалний Немцовдан "хатарлироқ"ми?

Россия президенти Немцов қотиллигини кескин қоралар экан, ташкилотчилар ва қотилларни тутиб, адолат ҳукмига ҳавола этиш ваъдасини берди.

Унга кўра, бу фожеада “буюртма қотилликнинг барча аломатлари бор” ва “табиатан иғвогарона қотиллик” эди.

Кремлга кўра, бу қотиллик Россияда беқарорлик яратиш учун амалга оширилган “иғво”.

Кремлпараст журналист Дмитрий Киселёв учун бу қотилликдан ким манфаат кўргани аниқ эди.

"Немцов тириклигида Ғарбга керак бўлмай қолди, аммо унинг ўлими Ғарб учун қизиқроқ бўларди”, деди кремлпараст Киселёв.

Россия расмий матбуотининг назариясига ишонилса ва Ғарб хавфсизлик кучлари Путинга зарба бериш учун бу қотилликни ташкиллаштирган деб фикр қилинса...унда ташкилотчилар бир нарсани ҳисобга олмаган кўринади.

Якшанба куни норозилик чиқишига келганларнинг сони 50 минг атрофида эди, 2011-12 йиллардаги аксилҳукумат намойишлар билан солиштирса бу жуда кичик сондир.

Немцовдан уни ўлдириш даражасида нафратланганлар бормиди?

Шубҳасиз, либерал ва урушга қарши бўлган Немцовни ёмон кўрганлар оз эмас эди.

Айниқса, бу урушни муқаддас деб билган рус миллатчилари учун Немцов хоин эди.

"Украинадаги зиддиятнинг ҳар икки томонидан ҳам ўта радикал унсурлар бор, улар ҳеч кимга бўйсунмайди”, деб айтди Россия Тадқиқот Қўмитасининг воизи Владимир Маркин.

"Немцов ким бўпти ўзи? Донецкда ҳар куни болалар ва кексалар қурбон бўлади, уларни ҳеч ким эсламайди”, деб ёзди москвалик бир киши Twitter да.

Рус тилидаги ижтимоий тармоқларда энг кўп ишлатилган, жирканч иборалардан бири – “итга ит ўлими” эди.

Расмийлар ўртага ташлаган бошқа бир назарияда эса “исломий экстремистлар” ибораси бўй кўрсатади.

Қотиллар гўёки, унинг Парижда Charlie Hebdo нашрига қирғинни қоралашидан норози бўлишган экан...

Немцов Ярославлдаги аксилкоррупция кампанияси билан яқин алоқада бўлгани айтилади.

Унинг бир неча бизнеслари борлиги ҳам маълум.

Буюртма қотилликлар сони Москвада Путин даврида анча камайди, аммо ҳамон онда-сонда рўй бериб туради.

Аммо қотиллар нима учун Москванинг энг яхши қўриқланадиган жойида бу қотилликка қўл уришди?

Сиёсатчининг шахсий ҳаёти ҳақида нима маълум?

ҲаттоНемцовнининг дўстлари ҳам уни аёлларга ўч бўлганини айтишган.

Шунда ҳам ўзидан анчайин ёш бўлган украиналик модел ўша туни қотиллик ҳақида кўп нарсани эслолмаслигини айтади.

Россия матбуоти билан суҳбатда у қотилни кўрмагани, кўргани фақат очиқ рангдаги машина бўлгани ва у ҳам тезликда қоронғулик қаърига сингиб кетгани ҳақида гапирди...

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ