Хитой мудофаа учун харажатларини 10 фоиз оширади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Хитой расмийлари хабар қилишларича, мамлакатнинг ҳарбий бюджети 2015 йилда 10 фоизга оширилади.

Хитой парламенти йиллик қурултойи олдидан бу ҳақда эълон қилинган.

5 март куни Бутунхитой Халқ вакиллари мажлиси бошланади.

Қурултойда 2015 йил бюджетига доир барча тафсилот, хусусан ҳарбий мақсадга қанча маблағ сарфланиши мўлжалланаётгани очиқланади.

Хитой охирги йилларда ҳарбий бюджетини ўн фоиздан кам бўлмаган рақамда кўпайтириб келмоқда.

Бугунги кунга келиб Хитой дунёдаги ҳарбий мақсадга энг кўп маблағ сарфлаётган иккинчи мамлакатга айланган.

Ҳарбий мақсадга АҚШ Хитойга қараганда кўп маблағ сарфлаётган мамлакатдир.

Ўтган йили Хитой ҳарбий бюджетини 12,2 фоиз оширган ва бу йилига 130 миллиард долларни ташкил қилган.

Қиёс учун АҚШ Президенти Барак Обама 2016 йил ҳарбий бюджети учун 585 миллиард доллар ажратишни сўраган.

Хитой расмийлари айтишича, ҳарбий бюджетни 10 фоиз ошириш Хитой Халқ армиясини модернизациялаш учун зарурдир.

Хитой Халқ армияси дунёнинг энг йирик армиясидир.

Би-би-сининг Пекиндаги мухбири Мартин Пейшенс хабар қилишича, Хитой ҳукумати армиясини юқори технологияли асбоб-ускуна ва жиҳозлар, хусусан сувости кемалари ва радарлар илғаши қийин қирувчи учоқлар билан таъминлашга йирик маблағ сарфлаяпти.

Шунингдек, ҳарбий-денгиз кучларига ҳам йирик сармоялар йўналтирилмоқда.

Хитой қирувчи учоқларни ташийдиган кема - авианосецлар барпо этишга ҳам зўр бермоқда.

Хитойнинг яқин-атрофидаги қўшнилари ҳарбий сармоялари ҳажми кўпайтирилишини диққат билан кузатиб бормоқда.

Охирги йилларда Хитой ҳудудий баҳслар борасида аввалгига солиштирганда анча ўзига ишонч билан туриш мавқеъсини эгаллаган.

Бундай ёндашувни Япония билан ҳам, Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари билан ҳам кўриш мумкин бўлди, бу эса минтақавий таранглик ортишига етаклади.

Бунга жавобан Япония ҳам, Ҳиндистон ҳам ўз ҳарбий бюджетларини оширишга қарор қилганлар.

Япониянинг сувли ҳудудда Хитой билан баҳси бўлса, Ҳиндистоннинг Хитой билан чегарадаги қуруқлик ҳудудларида тортишуви мавжуд.

АҚШ расмийлари хавотирича, Хитой ўзининг ҳақиқий ҳарбий харажатлари ҳажмини камайтириб кўрсатмоқда, аслида бу рақам анча баланддир.

Ҳарбий бюджет режалари ҳақида эълон қилар экан, Хитой Халқ Кенгаши сўзчиси Фу Йинг хоним айтишича, Хитой ўтмишдан етарли сабоқ чиқарган.

Чунки "орқада қолган одамни таҳқирлашади", деб айтган Фу хоним.

"Бизнинг мамлакатимиз модернизацияга эришади. Бунинг аҳамиятли қисми миллий мудофаа модернизациясидир. Бу эса маблағ таъминоти кафолатини талаб қилади", деб айтган Хитой Халқ Кенгаши сўзчиси Фу Йинг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ