Нигериядаги "Боко ҳаром" Исломий Давлатга содиқлигини изҳор қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption "Боко ҳаром" раҳбари Абубакир Шекау

Нигериянинг "Боко ҳаром" қуролли Исломий гуруҳи Ироқ ва Суриядаги бошқа қудратлироқ ҳаракат бўлмиш Исломий Давлатга содиқлигини изҳор қилиб қасам ичди.

Твиттертдаги "Боко ҳаром" аккаунтида мазкур ҳаракатнинг раҳбари Абубакир Шекаунинг овози ёзилгани айтилган аудиода икки гуруҳ жиҳодчилари ўз кучларини бирлаштириши эълон қилинди.

Бу аудио тасманинг қанчалар ҳаққоний эканини тасдиқлаш имконсиздир.

"Боко ҳаром" гуруҳининг номи "Ғарб таълими ҳаромдир" деган маънони беради.

Мазкур ҳаракат 2009 йилдан бери Нигерия шимолида Исломнинг фундаменталистик талқинини куч билан ўрнатиш йўлида қонли кураш олиб бормоқда.

Ҳаракатнинг қурбонлари сони бир неча мингдир.

Аввалроқ "Боко ҳаром" Ал-Қоидага алоқадор деб кўрилганди.

Таҳлилчиларга кўра, нигериялик жиҳодчилар Исломий Давлатнинг усуллари, хусусан ижтимоий тармоқларда ўз видео ва аудио мурожаатларини тарқатиш йўлларини ўзлаштириб олишмоқда.

Бироқ, "Боко ҳаром" ва Исломий Давлат ўртасидаги ҳамкорлик айнан қандай шаклда бўлишини мутахассислар ҳозирча аниқлашгани йўқ.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02