Аксёнов: "Қрим энди ҳеч қачон Украинага қайтарилмайди"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Қрим бош вазири Би-би-си билан суҳбатда мазкур ярим орол тарихий рус ватанига қайтарилгани ва энди ҳеч қачон Украинанинг бир қисми бўлмаслигини айтди.

Бош Вазир Сергей Аксёновнинг айтишича, Қримнинг Россияга бир йил аввал қўшиб олиниши "демократик амал" бўлганди.

Якшанба куни эфирга узатилган ва аввалроқ ёзиб олинган интервьюда эса Россия Президенти Владимир Путин Қрим можароси даврида ядровий қуролларни тайёргарликка келтирганини айтди.

Путиннинг ўзи 5 мартдан бери омма олдида кўриниш бермаган. Кремль унинг хаста экани ва ҳатто оламдан ўтгани борасидаги мишмишларни рад қилган.

У душанба куни Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбаев билан Санкт-Петербургда учрашиши кутилади.

Қрим 18 мартда халқаро танқидлар манзарасида Россияга расман қўшиб олинганди. Россия таркибига кириш борасидаги референдумни Украинага содиқ бўлган қримликлар бойкот қилишган.

Референдумдан сал аввал белгисиз қуролли кишилар Қримни босиб олишганди. Жаноб Путин охирги интервьюсида бу аскарларни "Қримнинг мудофаа кучлари"ни дастаклаш сифатида йўллаганини тан олди.

Ҳозирда АҚШ ва Оврўпо Иттифоқи қора рўйхатига киритилган жаноб Аксёнов Россия қандайдир ноқонуний иш қилганини рад этди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

"Ҳеч ким ҳеч нарсани тортиб олгани йўқ. Қримликларнинг хоҳиш-истаги шу эди. Маҳаллий халқнинг дастагисиз барибир ҳеч нима амалга ошмасди, шундай экан бу тажовуз эмас, балки ҳақиқий демократик амал эди", - деди Аксёнов Би-би-си мухбири Жон Симпсонга.

"Бу Ғарб раҳбарларининг вазиятни тушунмаслиги ва энг катта хатоси. Матбуот Қримда ўтган йил аслида нима бўлгани ҳақида одамларга нотўғри маълумот тарқатмоқда", - деди у.

Жаноб Аксёнов Президент Путиннинг Қримдаги чораларини ҳимоя қилди. Унинг айтишича, Россия раҳбари қаршисида Қрим аҳолисини мудофаа қилиш ёки уларни украин миллатчилари қўлига ташлаб қўйишдек танлов бўлган.

"Мен у танлаган йўл тўғри бўлганига ишонаман. Бу қарор янги йилдан аввал олинмаганди, ҳеч ким Украинанинг ички сиёсатига аралашмаганди. Мен ҳам ҳудди шундек қарор қилган бўлардим", - деди у.

Қримнинг қўшиб олиниши деярли бутунлай тинч ҳолда юз берган бўлса-да, у Украина шарқидаги зўравонликларга туртки бўлди. Апрель ойида россияпараст намойишчилар Донецк, Луганск ва Харковдаги ҳукумат биноларини босиб олиб, мустақилликни талаб қилдилар.

Бир ой ўтиб россияпараст бўлгинчилар Донецк ва Луганскда референдумлар ўтказиб, Украинадан мустақил бўлганларини эълон қилишди.

Украина шарқи шундан бери жанглар майдонига айланиб, олти мингдан ошиқ одамни нобуд қилди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02