Президент Обамага: ‘Украинага қурол етказинг’

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Бундай даъват билан АҚШ Конгрессининг юқори мартабали вакиллари чиқишган.

Улар президент Обамани россияпараст бўлгинчиларга қарши жангларида дастаклаш учун Украинага ҳақиқий қурол-яроғ юборишга ундашган.

Конгресс спикери ва бошқа қонуншунослар ўз истакларини бир хос мактубда баён қилишган.

Улар ўз мактубларида Россиянинг Украинадаги ишлари “халқаро қонунларнинг қўпол равишда бузилиши”, эканини айтишган.

Мактуб муаллифларига кўра, яқинда эришилган оташкесим ҳам Украина шарқидаги исёнчиларнинг куч тўплаб олишларига хизмат қилган, холос.

Украина ва Ғарб Россияни бўлгинчиларга қурол-яроғ етказиб бериш, уларни аскарлар билан таъминлашда айблашади.

Халқаро экспертлар ҳам икковлоннинг бу каби даъволарига қўшилишади.

Расмий Москва эса, ойларки, уларнинг айбловларини рад этиб келади.

Бошқа томондан, Украина шарқидаги бўлгинчилар сафларида жанг қилаётган фуқаролари кўнгиллилар эканини ҳам айтишни унутмайди.

Донецк ва Луганскдаги низолар ўтган йил апрел ойида, Қрим ярим ороли Россияга қўшиб олинишидан қисқа вақт ўтмай бошланганди.

Мактуб

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

АҚШ Конгрессининг 11 аъзоси томонидан имзоланган мактубда айтилишича, “Россиянинг Украинадаги амаллари Ғарбга қарши чақириқ ва жуда катта талофатлар эвазига Иккинчи Жаҳон уруши ортидан ўрнатилган халқаро тартибларга зид бир ишдир”.

“Худди шу боис ҳам, сизни Украинанинг ўз ҳудудини ҳимоя этиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини дастаклаш учун жадаллик билан қўшимча чора-тадбирларни маъқуллаш, жумладан, Украина ҳарбийларига бунинг учун лозим бўлган қурол-яроғларни юборишга ундаймиз”, - дейилади бу мактубда.

Америкалик қонуншуносларга кўра, Украина ҳозир бу каби кўмаксиз “бўлажак тажовузларни даф этолмайди, ўзини ҳам ҳимоя қилолмайди”.

Улар ўз мактубларида Украина масаласида “қатъийлик етишмаслиги”, Оврўпо Иттифоқидан тоқатлари тоқ бўлгани, бундан буёғига Ғарб сиёсатида президент Обама якуний сўзни айтиши лозимлигини ҳам баён қилишган.

Америкалик айрим сиёсатчилар анча вақтдан буён президент Обамани Украинага қурол-яроғ етказишга ундаб келишади, уни кўп иккиланаётганликда айблашади.

АҚШ президенти эса, бу каби танловни кўз остида тутаётгани, аммо дипломатия иш бермаган тақдирдагина, бу ишга боришини айтиб келади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ