Украинадаги исёнчилар "фронт чизиғидан қуролларни олиб чиқишди"

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Украина шарқидаги Донецк ҳудудида жойлашган Россияпараст исёнчилар оташкесим шартларига мувофиқ фронт чизиғидан оғир қуролларни "буткул олиб чиқиш"ганларини айтишган.

Бу даъво ўзини мустақил дея эълон қилган Донецк Халқ Республикаси раҳбари Александр Захарченко оғзидан янгради. У айни дамда Украина тарафи ўз қуролларини олиб чиқмаганини иддао қилди.

Украина ҳукумати ўз артиллериясини шанба оқшомигача олиб чиқишини айтганди.

Оврўпо Иттифоқи воситачилигида ўтган ой Минскда эришилган оташкесим онда-сонда юз бераётган ҳужумларга қарамасдан, ҳозирча иш бераяпти.

Оврўпо Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг кузатувчилари 12 февралда Минскда эришилган келишувга қандай бўйсунилаётганини кузатиб келишаяпти.

Жанг қилаётган икки томон 100мм калибрли қуроллар учун камида 50 чақиримлик, ракета системалари учун 70 чақирим, оғир ракеталар учун эса 140 чақиримлик буфер зонасини яратишлари келишилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02