Саудийлар "атомсиз" мавқеидан воз кечишларини айтишмоқда

Саудий қироллик оиласининг нуфузли аъзоси Би-би-си билан интервьюда огоҳлантиришича, Эроннинг ядровий дастури борасида эришилган келишув бошқа давлатларни ядровий ёқилғини ишлаб чиқаришни бошлашга ундаши мумкин.

Шаҳзода Турки Файсалнинг сўзларига кўра, агар Ғарб Эронга ядровий дастуринини ривожлантиришга рухсат берса, унда Саудия Арабистони ва Яқин Шарқдаги бошқа мамлакатлар ҳам шундай ҳуқуққа эга бўлишга ҳаракат қиладилар.

Айни дамда олти воситачи давлат - АҚШ, Франция, Буюк Британия, Россия, Хитой ва Олмония Эроннинг ядровий дастури ривожланишини чекловчи, аммо бутунлай тўхтатмайдиган келишув борасида расмий Теҳрон билан музокараларини давом эттиришмоқда.

Саудий ядровий дастури

Турки Файсал қиролнинг кенжа ўғли ва Саудия Арабистони махфий хизматларининг собиқ раҳбаридир. У ҳозирда саудий ҳукуматининг норасмий элчиси ҳисобланади.

Халқаро олтилик Теҳроннинг ядровий дастури фақат тинч мақсадлар билан чекланишини айтмоқда.

Бу келишувларнинг танқидчилари эса Эрон бутунлай ядровий дастурдан воз кечиши кераклиги, акс ҳолда минтақадаги Саудия Арабистони билан рақобат манзарасида қурол пойгаси келиб чиқиши мумкинлигини айтишмоқда.

"Мен ҳар доим айтиб келганман, бу музокаралар нима билан якун топмасин, биз ҳам ҳудди шу нарсани талаб қиламиз. Шундай экан, агар Эрон уранни қайсидир даражагача бойитишга рухсат олса, Саудия Арабистони ҳам бундай рухсатномага ҳаракат қилади, ва нафақат Саудия Арабистони", - деди шаҳзода.

Ўтган ҳафта Саудия Арабистони ядровий технологиялар соҳасида Жанубий Корея билан ҳамкорлик битимига имзо чекди. Бу ҳамкорлик қиролликда икки ядровий реакторларнинг қурилиши борасидаги режани ҳам ўз ичига олади.

Ундан ташқари, Ар-Риёд ядровий ҳамкорлик бўйича аллақачон Хитой, Франция ва Аргентина билан битимлар имзолаган ва келгуси 20 йил ичида Саудия Арабистонида 16та ядровий реакторлар қурилиши мўлжалланган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02