Мисрда Мурсий тарафдори осиб ўлдирилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Маҳмуд Ҳасан Рамазон (кўзойнакда) 2013 йил ёзидаги тартибсизликлар пайти ҳибсга олинган.

Мисрда ағдарилган президент Муҳаммад Мурсий тарафдорига нисбатан ўлим ҳукми ижро этилган.

Маҳмуд Ҳасан Рамазон шанба куни эрта тонгда осиб ўлдирилган.

Маҳмуд Ҳасан Рамазон Муҳаммад Мурсий қудратдан ағдарилиши ортидан келиб чиққан 2013 йил ёзидаги тартибсизликлар пайти қотилликларда айбланиб ҳибсга олинганди.

Ҳакам Маҳмуд Рамазонни бино томидан йиқилиб ҳалок бўлган икки ўсмирни итариб юборганликда айбдор деб топган.

Image caption Ўсмирлар шу бино томига намойишларни томоша қилишга чиқишган.

Икки ўсмирнинг томдан йиқилиши ҳодисаси акс этган видеолавҳа Миср телевидениеси орқали кўп маротаба намойиш этилган. Унга кўра, таёқлар билан қуролланган, "Мусулмон Биродарлар" ҳаракати байроғини кўтариб олган одамлар Александриядаги бинони ўраб олишади. 10-15 ёшлардаги тўрт бола оломондан яшириниш учун бино томидаги вентилляция қувурига яширинишади. Бироқ бир неча киши улардан иккитасини тўрт метрли баландликдан пастга улоқтиради. Ўсмирлардан бири ҳалок бўлади.

Прокурорлар Маҳмуд Ҳасан шу одамлар орасида бўлган, деб ишонадилар.

Маҳмуд Рамазон расман "Мусулмон Биродарлар"нинг аъзоси бўлмасада, Сиди Габердаги тартибсизликларда исломий ташкилотнинг байроғини кўтариб олгани полициянинг диққатига тушади.

2013 йил июл ойида Мурсийнинг ағдарилишидан кейин "Мусулмон Биродарлар" қатор норозилик намойишларини ташкил қилганлар. Норозилик ҳаракатлари тезда намойишчилар ва полиция ўртасидаги тўқнашувларга айланиб кетган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Муҳаммад Мурсий тарафдорлари

Ташкилот Мисрда террористик ташкилот деб эълон қилинди, мамлакатда унинг фаолияти таъқиқланди.

"Мусулмон Биродарлар" ҳаракати аъзолари ва тарафдорлари Мисрнинг янги ҳарбий ҳукумати таъқибларига учради, минглаб инсонлар қамоқларга ташланди.

Сиси ҳукумати намойишларда қатнашган юзлаб мисрликларни ўлим жазосига ҳукм этади.

2014 йил апрелида "Мусулмон биродарлар"нинг 683 нафар аъзолари, жумладан,ташкилот раҳбари Муҳаммад Баъдига ўлим жазоси тайинлаган.

Улар 2013 йилда Минядаги полиция идорасига ҳужумда айбланганлар.

Ҳодисада бир полиция ходими ўлдирилган.

Қисқа муддатларда ўтган маҳкама жараёнлари натижасида гуруҳ-гуруҳ маҳбусларга ўлим ҳукми тайинланиши Миср тарихида мисли кўрилмаган эди.

Халқаро инсон ҳақлари ташкилотлари Сиси ҳукуматини халқаро ҳуқуқ нормаларини қўпол равишда бузишда айблаганлар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Муҳаммад Мурсий ҳам ватанга хиёнат, қотилликка алоқадорлик каби оғир айбловларга юз тутмоқда.

Ҳисоботларда Президент Сиси ҳарбийлари намойишчиларга қарши шафқатсиз усулларни қўллагани, минглаб инсонлар террорист сифатида отиб ўлдирилгани келтирилади.

Мисрнинг биринчи марта демократик сайланган ва бир йил ўтиб ағдарилган президенти Муҳаммад Мурсий ҳам ватанга хиёнат, қотилликка алоқадорлик каби оғир айбловларга юз тутмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02