Немцовнинг қизи Путинни айблади

Жанна Немцованинг айтишича, Россия президенти Владимир Путин отаси – мухолифат лидери Борис Немцовнинг ўлимига сиёсий жиҳатдан масъулдир.

27 феврал куни Кремль яқинида отиб ўлдирилган Борис Немцовнинг қизи бу ҳақда Би-би-сига берган суҳбати чоғида билдирган.

“Менинг отам Путиннинг энг ашаддий танқидчиси эди. У Россиядаги энг кучли мухолифат лидери эди. Отам бошқа ҳеч ким билан эмас, айнан Путин билан курашганди”, - дея ўз қарашларини изҳор этган Жанна Немцова.

Би-би-си мухбири Габриэль Гейтҳауснинг, “Отангизнинг ўлимида Владимир Путинни масъул, деб биласизми?”, - деган саволига эса, “Сиёсий жиҳатдан, ҳа”, - деб жавоб берган.

Жанна Немцованинг ўзи отасининг дафн маросими ортиданоқ Россияни тарк этган ва Би-би-си у билан Италияда суҳбатлашган.

“Улар менинг отамни ўлдиришди. Шу боис ҳам, жим қараб ўтиролмайман”, - деркан, Жанна Немцова Россияга қайтишдан қўрқмаслигини ҳам қўшимча қилган.

“Улар ҳақиқатнинг тагига етишдан манфаатдор эмас”

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Россиядан олинган хабарларга таянилса, шу пайтгача Борис Немцовнинг ўлимига алоқадорлик гумони билан 5 киши ҳибсга олинган.

Терговчилар бешовлоннинг орасидан Заур Дадаевни асосий қотил сифатида гумон этишмоқда.

Заур Дадаев Россия Ички ишлар вазирлиги “Шимол” чечен бўлими қўмондонининг собиқ муовинидир.

Аввалроқ терговчилар Заур Дадаевнинг ўз айбига иқрор бўлганини баён қилишган, аммо унинг ўзи инсон ҳуқуқларини фаолларига Борис Немцовнинг қотили эмаслигини таъкидлаган.

Жанна Немцова эса, расмий тергов отасининг ҳақиқий қотилларини аниқлай олишига кўзи етмаслигини билдирган.

“Мен улар айтаётган тергов жараёнига умуман ишонмайман. Бунинг қанчалик жиддий эканини билмадиму, ғарблик айрим сиёсатчилар мустақил текширув ўтказиш истагида эканлар. Менимча, шундай қилинса, тўғри иш бўларди. Чунки Россияда адолатли маҳкама, мустақил маҳкама ва тергов жараёни деган нарса йўқ”, - дея баён қилган марҳум мухолифат лидерининг қизи.

Жанна Немцова, ўз ўрнида, Россия оммавий-ахборот воситаларидаги Заур Дадаев ўзича иш тутгани, юз берган қотиллик буюртма бўлмаганига оид чиқишлардан ҳайратга тушганини ҳам билдирган.

Унинг айтишича, терговчилар ўзи билан ҳам боғланишган, гувоҳлик беришини сўрашган. Аммо отасининг квартирасига киришига изн беришмаган.

Жанна Немцованинг даъво қилишича, қотиллик юз берган туннинг ўзида россиялик ҳуқуқ-тартибот идоралари у ердаги барча техника ва ҳужжатларни олиб чиқиб кетишган.

“Улар ҳақиқатни қарор топтиришдан манфаатдор эмаслар”, - дея сўзларига якун ясаган марҳум Борис Немцовнинг қизи.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ