‘Қозондаги вайроналар остида 30 инсон бўлиши мумкин’

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti

Татаристон расмийлари пойтахт Қозондаги “Адмирал” савдо марказидаги ёнғин қурбонлари сони ортаётганини хабар қилганлар.

Фавқулодда Вазиятлар вазирлигига кўра, ёнғин оқибатида камида 11 инсон ҳалок бўлган, 30 киши жароҳатланган.

Яна 30 киши вайроналар остида қолиб кетган бўлишлари мумкин, демоқдалар расмийлар.

Қозондаги энг йирик савдо марказида ёнғин 11 март куни бошланган.

Аланга биринчи қаватдаги қаҳвахонада бошланган.

Расмийлар хабар қилишларича, савдо маркази атрофи полиция кучлари билан ўраб олинган.

Ҳудудга 500 тача полиция ходими юборилган.

Олов ичида қолган савдо марказига кириш йўллари полиция томонидан тўсиб турилганига қарамасдан, бизнес эгалари ичкаридан ўз буюмларини олиб чиқиш учун ичкарига чопиб кирганлар.

Савдо марказининг томи бино ичкарисига кириш жойида қулаган ва ичкарида қолган инсонларнинг қайтиб чиқиш йўлини тўсиб қўйган.

Вайроналар остида қолганлар орасида ўзини ичкарига урган бизнес эгалари ва ҳудудга юборилган бир ўт ўчирувчи бўлиши мумкинлиги хабар қилинган.

Расмийларга кўра, айрим қурбонларнинг шахсини аниқлаб олиш учун генетик экспертиза талаб қилиниши мумкин.

Ёнғин савдо марказининг 4000 квадрат метрига тарқалган, ўша пайтда 650 инсон бинодан эвакуация қилинган.

Ёнғин туфайли “совуққонлик” банди бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Савдо марказидаги жойларни ижарага берган ширкат раҳбари ҳибсга олинган.

Расмийларга кўра, “Адмирал” савдо маркази ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб бермаслиги 2013 йилдаги текширувларда аниқланган.

Орадан бир йил ўтганидан кейин кўрсатиб ўтилган камчиликларнинг фақат ярми тузатилган.

Хусусан, бино томида даслабки лойиҳада кўзда тутилмаган қўшимча бинолар ўзбошимчалик билан қуриб олинган.

Шунингдек, ёнғин келиб чиққан вақтда савдо маркази ходимлари ўт ўчириш хизматини хабардор қилмасдан оловни ўзларига ўчиришга ҳаракат қилганлари, оқибатда ёнғин янада катта ҳудудга тарқалишига сабабчи бўлганлари ҳақидаги хабарлар ҳам текширилаяпти.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ