Миср янги пойтахтини қурмоқчи

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Миср ҳукумати янги маъмурий марказ қуришга қарор қилган. Янги пойтахт Қоҳиранинг шарқида, Қизил денгиз ва Қоҳира оралиғида жойлашади. Ушбу лойиҳанинг баҳоси 45 млрд доллар бўлиб, амалга оширишга 5-7 йил вақт сарфланиши мумкин.

Қурилиш вазири Мустафо Мадбулийга кўра, режадаги янги шаҳар катталиги бўйича Сингапур давлатига тенг бўлади, барча вазирликлар, элчихоналар у ерга кўчирилади. Халқаро аэропорти эса Лондоннинг Хитроу қўналғасидан сиғимлироқ. Шунингдек, миллиондан ортиқ турар жой бинолари қурилади.

Марказда икки минг ўқув юртлари ва мактаблар, 600 тиббий масканлар очилади. "Биз бу ерда дунё даражасидаги пойтахт ҳақида гапирмоқдамиз", деган жаноб Мадбулий.

Лойиҳа Бирлашган Араб Амирликларининг Capital City Partners фирмаси томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, ширкат Дубайдаги дунёда энг баланд Бурж осмонўпари муаллифи ҳисобланади.

Capital City Partners фирмаси раҳбари Муҳаммад Алабарнинг сўзлашича, янги шаҳар нолдан лойиҳаштирилган, бироқ Қоҳиранинг табиий давомидир.

Янги пойтахтни бунёд этиш ғояси Қоҳира аҳолисининг сони ошиб бораётганлиги, экологик вазият ва транспорт тиқилинчлари билан изоҳланмоқда. Ҳозирда 18 млн дан ортиқ Қоҳира аҳолиси кейинги 40 йилда икки баравар ошиши кутилади. Миср расмийси билдиришича, 700 кв км ҳудудли янги пойтахт 5 миллион аҳолига мўлжалланиб қурилади.

Миср ҳукумати Араб ярим оролининг нефт қазиб олувчи давлатларидаги сармоядорларни мамлакатга жалб қилишга ҳаракат қилаяпти.

Хабарларга кўра, айни пайтда Қоҳирани янги пойтахт билан боғлайдиган йўл қурилиши бошланган. Пойтахт нима деб аталиши ҳозирча маълум эмас.

Улкан қурилиш миллионга яқин ишчи ўринларини яратади ва Миср иқтисодини кўтаради, деб қаралмоқда. Бироқ лойиҳанинг қай тарзда молиялаштирилиши очиқланмаган.

Шарм Шайхдаги анжуманда қатнашган Саудия Арабистони, Қувайт, БАА сармоядорлари Миср иқтисодига тўрт млрд доллар маблағ ётқизишга ваъда берганлар, лекин гап пойтахт ҳақида эмас, бошқа лойиҳалар ҳақида борган.

"Араб баҳори"дан сўнг Миср иқтисоди етти фоиздан икки фоизгача пасайган, хориж инвестицияси ҳажми 2007-2008 йиллардаги 13 млрддан 2013-1014 йилга келиб 2,2 млрдгача тушиб кетган.

Мисрнинг демократик сайланган президенти Муҳаммад Мурсийнинг ағдарилиши ортидан қудратга келган Абдул Фаттоҳ ас Сиси ўзининг сайловолди кампанияси пайтида мамлакатда катта ҳажмдаги қурилиш ишлари бошлашга ваъда берганди.

Бундан олдин янги пойтахт лойиҳалари Бразилия, Покистон, Нигерия ва Қозоғистонда амалга оширилган. Мисрдаги лойиҳа уларнинг барчасидан салмоғи жиҳатидан йирик бўлиши хабар қилинади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02