Лаҳордаги портлашда қурбонлар бор

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Покистоннинг Лаҳор шаҳри насронийлар туманидаги икки черковда содир этилган кучли портлаш 10 инсоннинг умрига зомин бўлган. Маҳаллий матбуотга кўра, ўлганлар сони 14 тага етган.

50 га яқин инсон яралангани хабар қилинади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ҳужум Йухонобод туманида диндорлар якшанба кунги ибодатга йиғилаётган пайтларида юз берган.

Покистон насронийлар жамоаси тез-тез жангарилар нишонига тутилади.

Ҳужум учун масъулиятни аллақачон Покистон Толибонига қарашли "Жамаатул аҳрор" гуруҳи ўз зиммасига олган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Гувоҳларнинг айтишича, портлашларни ҳудкушлар амалга оширганлар. Бир вақтнинг ўзида черковлар дарвозаси олдида портловчи моддалар ишга солинган. Бироқ полиция бу хабарни тасдиқламаган.

Маҳаллий журналистларга кўра, портлаш жойида ғазабнок оломон тўпланган. Ибодатга келган одамлар воқеага алоқадор деб тахмин қилган икки кишига ташланиб, уларни ўлдирганлар. Воқеа жойидан олинган суратларда гумондорлар жасадлари ёқиб юборилгани акс этган. Шунингдек, насронийлар хавфсизлик чоралари кўрилмаганидан норози бўлиб бақирганлар.

Таёқ кўтариб олган оломон Ферозепур кўчасида тўсиб қўйилган. Маҳаллий телеканаллар автобус станциясига ҳужумдан лавҳалар кўрсатган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Амир Масиҳ деган гувоҳга кўра, черков қоровули билан уришаётган киши ичкарига қўйилмаганидан кейин ўзини портлатиб юборган.

Пакистон Бош вазири Навоз Шариф ва Президент Мамнун Ҳусайн портлашларни қоралашган.

Покистонда озчиликлар алянси раҳбари Тоҳир Навид Чаудхари Лаҳордаги ҳужум ҳукуматнинг озчиликлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қодир эмаслигини кўрсатди, дейди.

Бундан олдин Покистон ҳарбийлари Афғонистон билан чегарадаги жангарилар жамлоқларига ҳужум қилиши ортидан, Покистон Толибони жавоб амалидан огоҳлантирган.

Панжоб вилоятининг аҳолиси зич Лаҳор шаҳри бошқа ҳудудларга қараганда анча тинч саналиб келади.

Насронийлар аҳолисининг асосий қисми мусулмонлар бўлган Покистонда икки фоиздан камроқни ташкил қилишади.

2013 йилда Пешавор шаҳрининг черковларида юз берган портлашлар натижасида 80 га яқин инсон ҳалок этилган, ҳодиса Покистон насронийлар жамоасига қарши уюштирилган энг қонли ҳужум бўлганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02