Чечен аёл болаларини ИД га қўшиш учун 'Сурияга олиб қочган'

Фото муаллифлик ҳуқуқи .
Image caption Аёл ва болалари ҳозирда Суриянинг Раққа шаҳрида деб ишонилади

Ҳолланда прокурорларининг айтишларича, асли чеченистонлик аёл икки нафар ёш боласини оталарининг иродасига қарши Исломий Давлат сафларига қўшиш мақсадида Сурияга олиб чиққан.

Она ҳамда унинг етти ва саккиз яшар болалари сохта паспорт билан сафар қилган, деб ишонилади.

Аёли билан ажрашган ҳолланд ота уларнинг чиқиб кетаётганлари ҳақида расмийларни огоҳлантирган.

Расмийларга кўра, бу каби ҳолат биринчи марта кузатилмоқда.

Номи ошкор этилмаган 32 ёшли чечен аёл 15 йил муқаддам Ҳолландага қочқин сифатида келган ва жанубий Маастрихт шаҳрида яшаб келган.

У ва болалари ўтган ой октябрида ғойиб бўлишган.

Англашилишича, улар Белгиядан Афинага учишган.

Тергов маълумотларига кўра, чечен аёл шу йил январида онаси билан гаплашган ва Исломий Давлатнинг истеҳкоми бўлган Суриянинг шимолий Раққа шаҳрида эканликларини айтган.

Прокурорлар ҳодисани бола ўғирлаш деб талқин қилишган ва аёл ҳамда болалари халқаро қидирувга берилган.

Аммо расмийлар агар улар Сурия чегарасини кесиб ўтганлари тасдиқланса, Ҳолландага қайтариб келиш имконлари чекланганини тан олишади.

Ҳозирга қадар 200 га яқин ҳолланд фуқаролари Ироқ ва Суриядаги Исломий Давлат гуруҳига қўшилганлари маълум.

Уларнинг орасида вояга етмаганлар ҳам бор.

Исломий Давлат ўз назорати остидаги ҳудудларда оммавий қатллар ҳамда миллий ва диний озчиликларни таъқиб қилишда айбланади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ