Украинадаги ҳодиса тартибсизликларни келтириб чиқарди

Фото муаллифлик ҳуқуқи konstantinovka.com.ua

Украинанинг Донецк вилояти Константиновка шаҳрида ҳарбийлар машинасининг пиёдалар йўлига чиқиб кетиши ортидан саккиз ёшли қизча ҳалок бўлган. У билан бирга бўлган аёл жароҳатлар билан касалхонага ётқизилган, иккинчи болага зарар қилмаган.

Йўл ҳаракати ҳодисаси душанба куни тушдан кейин рўй берган.

Вилоят милицияси жанговар машина пиёдалар йўлида аёл ва икки бола устига қараб юрганини тасдиқлаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи konstantinovka.com.ua

Донецк вилоят милицияси раҳбари Вячеслав Аброскинга кўра, ҳодиса ҳарбийлар йўл ҳаракати қоидасини бузганлари оқибатида юз берган.

ЙҲҲ сабабчилари қўлга олинган ва ҳарбий прокуратурага топширилган. Хабарларга қараганда, ҳарбийлар маст бўлишган.

Етарли назорат кўрсатмагани учун масъул командирлар ҳам жавобгарликка тортилади, деган Мудофаа вазирлиги расмийси.

Гувоҳларнинг айтишича, ҳодиса юз берган жойда катта оломон пайдо бўлган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи konstantinovka.com.ua

Ҳодисадан бироз ўтиб 100 га яқин киши украиналик ҳарбийлар яшайдиган ётоқхона олдида йиғилганлар. Оломон бино ойнасига тошлар отган ва бир нечта машина шиналарини ёққан.

Бундан сўнг ғазабланган оломон ҳарбийлар яшайдиган мактабга қараб юрган.

Маҳаллий аҳоли айбдорлар жазоланмай қолишидан хавотирда.

Мудофаа вазирлиги йўл ҳаракати ҳодисасидан тартибсизликлар келтириб чиқаришга уринганлар қаттиқ жазоланишини айтган. Шунингдек, ҳукумат вазиятга қараб ўқ отишга тайёрлигини ҳам эълон қилган.

Ҳодисани келтириб чиқарган ҳарбийлар Краматорскга олиб кетилган.

Донецкдаги Констаниновка шаҳри Украина ҳукумати назорати остида.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02