Тунис ҳужумига алоқадорликда 4 киши ҳибсга олинди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Тунис президенти девонидан билдиришларича, чоршанба куни мамлакат пойтахтида 23 кишини нобуд қилган ҳужумга алоқадорликда тўрт киши ҳибсга олинган.

Ҳалок бўлганларнинг 20 нафари хориж фуқароларидир.

Президент девони Туниснинг йирик шаҳарларига армия жойлаштирилишини ҳам айтди.

Бардо музейидаги икки ҳужумчидан бири Яссин Лаабидий ҳақида ҳукумат аввалдан маълумотга эга бўлгани айтилади.

Хавфсизлик кучлари музейга бостириб кирганларида Лаабидий ва унинг шериги Ҳатем Хачнауий отиб ўлдирилган.

Ҳужумда Япония, Колумбия, Британия ва бошқа Оврўпо мамлакатларидан келган сайёҳлар нобуд бўлишган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Пайшанба куни ҳибсга олинган кишиларнинг кимлиги ёки ҳужумчиларга қандай алоқаси бўлгани очиқланмаяпти.

Ўз баёнотида президент девони Тунис эндиликда ғайриоддий шароитга юз тутаётгани, ҳамда террорчилар энди тоғлардан шаҳарларга ўтишганини билдирди.

Пайшанба куни ҳали ҳам музейда яшириниб ўтирган икки испаниялик сайёҳ ва музейнинг бир тунислик ходими топилди.

MSC Cruises ва Costa Cruises номли круиз компаниялари Тунисда энди тўхтаб ўтмасликларини эълон қилишди.

Бу ҳужум Туниснинг йирик туризм саноати учун катта зарба бўлмоқда. Бир неча ой аввал узоқ ўзгаришлар ортидан шаклланган ҳукумат ҳам қаттиқ шикаст емоқда.

Тунисда исломий жангарилар сиёсий ислоҳотларни издан чиқаришга уринганлар, бироқ шунга қарамай Тунис Яқин Шарқдаги араб баҳорининг энг муваффақиятли мисоли бўлиб қолмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Your contact details
Disclaimer