Британия: 'Қрим Украинага қайтарилиши керак'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Хэммондга кўра, Британия Қримнинг аннексиясини ҳеч қачон тан олмайди

Британия Ташқи ишлар вазири Филип Хэммонд Россия Қримни Украинага қайтариши кераклигини айтган.

Форин-офис тарқатган баёнотда Британия ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари бир йил муқаддам Қримнинг Россия томонидан аннексия қилинишини яна бир марта қоралаган.

"Бир йил аввал Қримнинг Россия томонидан аннексия қилиниши халқаро қонунчиликнинг очиқдан-очиқ бузилиши эди. Бу Украинанинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини менсимасликни кўрсатди ва мен буни энг қатъий шаклда қоралайман", - дея Хэммонддан иқтибос келтиради Британия Ташқи ишлар вазирлигининг сайти.

'Сохта референдум'

Жаноб Хэммонднинг сўзларига кўра, Буюк Британия ўтган йили Қримда ўтказилган "референдум"ни тан олмайди ва уни ўғирликни яшириш мақсадида ўйлаб топилган, Путиннинг ўзи ҳам тан олган ниқоб деб билади.

Филип Хэммондга кўра, Путиннинг ушбу қадами халқаро хавфсизликка таҳдид солади.

"Россиянинг чегараларни ўзгартириш мақсадида куч ишлатиши қабул қилиб бўлмасдир", - деб айтган Британия Ташқи ишлар вазири.

"Биз Россияга давомли ва очиқ бир шаклда айтамиз: 2014 йил мартида Қримнинг аннексия қилиниши ноқонуний ва нолегитим бўлган эди ва 2015 йил мартида ҳам ноқонуний ва нолегитимлигича қолмоқда. Россия Қримни Украинага қайтариши керак", дейилади баёнотда.

Британия Ташқи ишлар вазирлиги Россия Қримни аннексия қилганидан буён миллий озчиликларнинг ҳуқуқлари чекланаётгани, қрим татарларининг уйларида 100дан ортиқ рейдлар ўтказилганини қайд этган.

Бу мавзуда батафсилроқ