Украина Януковичнинг ўғли ўлимини тасдиқламоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи unian

Украинанинг собиқ президенти Виктор Януковичнинг кичик ўғли Викторнинг Байкалда чўкиб вафот этгани ҳақидаги хабарни мухолиф қанот депутати Нестор Шуфрич тасдиқлаган.

"Афсуски, бу рост",- деб айтган у Би-би-сининг Украина хизматига.

Сиёсатчининг матбуот хизмати кичик Виктор Янукович ўлими муносабати билан марҳумнинг оиласига таъзия изҳор этган Фейсбукда.

Украиналик депутат Антон Геращенко ҳам ўз манбаларига таяниб Янукович ўғлининг ўлимини тасдиқлайди.

Хабарларга қараганда, кичик Виктор Янукович бошқариб кетаётган Фольксваген Multivan микроавтобуси музга тушиб кетган. Автомобил ичидаги беш йўловчи тушиб қолишга улгурган, бироқ ҳайдовчи чўкиб кетгани айтилади.

Бироқ Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳалок бўлган кичик Виктор Янукович эканини тасдиқламаяпти.

ФВВ сайтидаги хабарга кўра, Байкалда чўккан машинанинг ҳайдовчиси 1981 йилда Москвада туғилган Виктор Давидов деган шахс экани аниқланган.

Маълумотларда айтилишича, кичик Виктор Янукович она томонидан фамилияси Давидов бўлган ва у ҳам 1981 йилда туғилган.

Бироқ Виктор Януковичнинг Россияда Давидов фамилияси билан яшагани аниқ эмас.

РИА Новостининг махсус хизматлардаги манбаларига асосланиб хабар тарқатишича, Януковичнинг ўғли хавфсизлик юзасидан фамилиясини ўзгартирган бўлиши мумкин.

Украинада собиқ президент Виктор Януковичга нисбатан давлат маблағини ўзлаштириш, хизмат вазифасини суистеъмол қилиш ва бошқа бир қанча айбловлар бўйича жиноий иш очилган. Виктор Янукович ва оила аъзолари Киевдаги воқеалар ортидан Россиядан бошпана топган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ