Хитойда уч уйғур терроризмда айбланиб қатл этилган

Кунмин шаҳри темир йўл вокзалида йўловчиларга пичоқлар билан ҳужумда айбдор деб топилган уч уйғурга нисбатан ўлим жазоси ижро этилган.

Хитой матбуотига кўра, улар отиб ўлдирилган.

Шинжондаги маҳкама сентябр ойида Искандар Аҳад, Турғун Тўхтаниёз ва Ҳасан Муҳаммадни терроризм айбловлари билан ўлим жазосига ҳукм этган, бир аёлга умрбод қамоқ жазоси тайинлаган эди.

Маҳкама Искандар Аҳад, Турғун Тўхтаниёз, Ҳусайн Муҳаммад "қотилликни мақсад қилган террорчилик гуруҳини ташкил қилиш ва бу гуруҳга етакчилик қилиш" бандида айбдор деб топган.

Айбдор деб топилган тўртинчи шахс аёл бўлиб, у Патигул Тўхта деб айтилган.

Уни "қотилликни мақсад қилган террорчилик гуруҳида иштирок этиш"да айблашган.

2014 йил март ойида Кунмин вокзалидаги ҳужумда қора кийимдаги кишилар вокзалга бостириб киргани ва 31 инсонни пичоқлаб, 140 тасига жароҳат етказгани айтилган.

Тўрт ҳужумчи ҳодиса жойида отиб ўлдирилган.

Бу ҳужум Хитойда кўпчиликни ларза ва қайғуга солган эди.

Расмий Пекин бу ҳужумда Марказий Осиёга чегарадош Шинжоннинг мусулмон уйғурларини масъул деб билади.

Маълумотларга кўра, қатл этилганлар Кунминдаги ҳужумда шахсан иштирок этишмаган. Полиция уларни ҳодиса содир этилишидан икки кун ҳибсга олган бўлган. Бироқ маҳкама уйғурларни терроризм ва қотилликларни уюштиришда айбдор деб топган.

Бироқ уйғур фаоллари Хитой ҳукумати бу каби айбловлар билан уларнинг дини ва маданиятини йўқотиш сиёсатини олиб бораётганини айтишади.

Шинжон мусулмон уйғурларнинг ватани саналади. Шинжон бундан олдин ҳам қатор ҳужумларга саҳна бўлган.

Хитой ҳукумати Кунмин вокзалидаги ҳужум, 2014 йил май ойи бошида Урумчи темир йўл станциядаги портлаш ва кўча бозоридаги портлашдан кейин бутун Шинжонда хавфсизлик чораларини кучайтирган.

Бундан олдинги Пекиндаги Тянанмен майдонидаги автомобил портлашида ҳам Хитой ҳукумати уйғурларни айблаган.

Уйғурлар этник келиб чиқиши бўйича туркий мусулмонлардир.

Шинжон аҳолисининг 45 фоизини уйғурлар, 40 фоизини хитойлар ташкил қилади.

Хитой 1949 йилда Шарқий Туркистонда назоратни қўлга олган.

Ўшандан буён Шинжонга хитой ханлари оммавий равишда кўчиб келиб ўрнашганлар.

Уйғурлар ўзларининг диний ва маданий қадриятлари йўқотилишидан хавотирдалар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02