Germanwings учувчиси ҳалокат минтақасини яхши билган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

А320 учоғини қасддан Альп тоғларида ҳалокатга учратишда гумон қилинаётган Germanwings ширкатининг учувчиси Андреас Любиц бу жойларда учоқ бошқаришни ўрганган.

Бу ҳақда Би-би-сига Андреас Любиц учувчиликни ўрганган Монтабаурдаги парвоз мактаби аъзоси Дитер Вагнер айтган.

Андреас Любиц у ерда бир неча йил олдин ҳордиқ пайти бўлганди, деб айтган Дитер Вагнер.

Франция оммавий ахборот воситалари хабар қилишича, у ўз ота-онаси билан бирга бу ҳудудларда ҳали тўққиз ёшлигидан парвоз клубларида қатнашган.

Дитер Вагнер сўзларига кўра, Андреас Любиц Альп тоғларига "меҳр қўйган", ҳатто айтиш мумкинки, "маҳлиё қилган".

Франциядаги Metro News хабарига кўра, Любиц ота-онаси билан бирга "Систерон" парвоз клуби аъзолари ҳалокат рўй берган жойдан 43 километр узоқликдаги Le Vernet қишлоғида дам олган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

"Систерон" клуби дизайнери Францис Кесер айтишича, Андреас Любиц бу ҳудудларни "жуда яхши билган".

Франция терговчиларига кўра, 24 март эрталаб Испаниянинг Барселона шаҳридан Олмониянинг Дюсселдорф шаҳрига парвоз қилган 4U 9525 рейсидаги учоғини иккинчи пилот вазифасини бажарган 27 ёшли Андреас Любиц қасддан ҳалокатга учратган.

Терговчиларга кўра, у учоқ раҳбари учувчилар кабинасидан чиққан пайтида эшикни ичкаридан қулфлаб олган ва ўзбошимчалик билан учоқ баландлигини пастлатган.

Командир қайтиб кабинага киришга уринган, бироқ Любиц ҳеч қандай жавоб қайтармаган.

"Қора қути" ёзувларида учувчилар кабинасида ёзиб олинган овозлар сақланиб қолган, бу ёзувларга кўра, учоқ раҳбари эшикни бузиб киришга ҳаракат қилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Диспетчерлар ҳам А320 учоғи билан мулоқот қилишга ҳаракат қилганлар.

Бироқ ёзувда учувчининг нафас олиб тургани эшитилиб турса-да, у ҳеч кимга жавоб қайтармаган, учоқ автоматик тизимининг ерга хавфли тарзда яқин қолгани ҳақидаги огоҳлантиришларини хотиржам туриб инкор этган.

Бортида 150 инсон бўлган учоқ Альп тоғидаги денгиз сатҳидан 2700 метр баландликда ҳалокатга учраган.

Терговчилар Андреас Любицни бундай ҳалокатга нима ундагани ҳақидаги саволга жавоб топишга уринмоқдалар.

Олмония оммавий ахборот воситаларига кўра, 2009 йилда унга руҳий сиқилиш ташхиси қўйилган ва шундан кейин бир ярим йил давомида даволанган.

Любиц депрессияга чалинганини иш берувчиси - Germanwings авиаширкатидан яшириб келган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ