Исломий қонунни танқид қилиш шаккокликми?

Image caption Лавҳада журналист вилоят чегарасини кесиб ўтиб, ўз хоҳишига қарши бошида рўмол ўраган ҳолда топади.

Малайзияда Исломий қонунларни танқид остига олувчи ҳажвий видеолавҳанинг чоп этилиши бу соҳа ўта нозик эканлиги ва мамлакатдаги сўз эркинлиги чекловларини намойиш этди.

Журналист Ойсиёҳ Тожиддин томонидан тайёрланган лавҳада Малайзия вилоятларидан бирида Исломий қонунларни жорий этиш таклифи сатирик тарзда, ҳазил билан танқид қилинган, лекин шунга қарамай унга қарши ўлим ва зўрлаш таҳдидлари келиб тушмоқда.

Яқинда Пан Малайзия Исломий партияси - PAS Келантан вилоятида Шариатда кўрсатилган ҳудуд қонунларини тадбиқ этишни таклиф қилганди.

Ушбу қонунларга мувофиқ зино, шаккоклик, ўғрилик ва босқинчилик тақиқланган бўлиб, жазо сифатида омма ўнгида савалаш, тошбўрон қилиш, қўл ва бармоқларни кесиш ва қатллар назарда тутилган.

BFM мустақил радиостанциясида ишловчи журналист Ойсиёҳ ўз лавҳасида Келантан вилояти ҳудудини кесиб ўтар экан, бошида рўмол пайдо бўлади ва "гуруч" деб ёзилган халтанинг ичидан тош топади.

"Ҳа, айтгандек, бу ерда ҳудуд ҳукмронку", - дея, у кўз қисиб қўяди.

Унинг айтмоқчи бўлган муждаси PAS Исломий қонунлар ҳақида бош қотиргандан кўра, тошқинлардан азият чеккан минтақадаги иқтисодий муаммолар ва қайта қуриш ишлари билан шуғғулланиши афзалроқ бўларди.

Ушбу лавҳа YouTube ва Facebook орқали тарқалиб, 780,000 га яқин инсон томонидан томоша қилинган.

Лекин шуҳрат билан бирга лавҳа қаттиқ қаршиликка ҳам учради.

Facebook да қолдирилган пўписалардан бирида, "Кимда-ким Оллоҳ қонунларини ҳақорат қилса, қони тўкилиш учун ҳалолдир", - дея айтилган.

Аммо ижтимоий тармоқлардаги пўписалар билан иш тугагани йўқ. Ойсиёҳ ҳозирда шаккоклик учун полиция томонидан текширув остида. Айбдор дея топилган ҳолатда, у бир йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

Айни вақтда Келантан вилоятида ҳудуд қонунларининг жорий этилиши эҳтимолдан узоқ дейилмоқда.

Чунки Келантан вилояти Кенгаши таклифни маъқуллаган бўлса ҳам, парламентда тасдиқдан ўтказиш учун PAS етарли қўлловга эга бўлиши эҳтимоли жуда кам.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Your contact details
Disclaimer