Кенияда Гарисса қирғинига алоқадорлар ушланган

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Кенияда "Аш-Шабаб" гуруҳининг 147 инсонни ўлдирган қонли ҳужуми ортидан беш киши қўлга олинган.

Гумондорларнинг баъзилари қўшни Сомалига қочиб ўтишга уринганларида ушланди, деб хабар беради Кения Ички Ишлар вазирлиги.

Исломий "Аш-Шабаб" гуруҳининг Гарисса шаҳридаги университетга ҳужуми натижасида аксарияти насронийлардан иборат 147 инсон ўлдирилган, 79 талаба яраланган.

Тирик қолган талабалар шанба куни давомида ётоқхонадан кўчирилади.

Кения ҳукумати хавфсизлик боис, Гарисса шаҳридаги университет коллежи ишини тўхтатишга қарор берган.

"Аш-Шабаб" гуруҳи Кенияни қонга тўлдириш, узоқ ва даҳшатли урушни бошига солиш билан таҳдид қилмоқда.

Ниқобланган жангарилар пайшанба куни университет биносига бостириб киришган ва “биз Аш-Шабабмиз” дея қичқириб қирғинни бошлашган.

Айни ҳужумда 500 яқин талаба омон қолгани айтилади.

Қуролланган жангарилар аввалига қўриқчиларни ўлдиришган.

Кейин танламасдан талабаларга қарата ўт очганлар.

Аксарият эрта тонг бўлгани учун ҳали ётоқхоналарида уйқуда бўлган.

Қуролли гуруҳ ўзининг ҳужумини Африка иттифоқи таркибидаги Кения кучларининг Сомалида "Аш-Шабаб" гуруҳига қарши ҳаракатлари учун қасос дея изоҳлади.

Бундан олдинроқ полиция университет ётоқхонаси ичкарисидан тўрт кишини топган, улардан иккитаси ҳужумга алоқаси борлиги айтилади. Жангарилар Танзания фуқаролари экани аниқланган.

Шунингдек, 19 ёшли талаба қиз жангарилардан қўрқиб, 50 соат шкафнинг ичида яшириниб ўтиришга мажбур бўлган.

Маҳаллий оммавий ахборот воситаларига кўра, Кения жосуслик хизмати ҳужум режалаштирилганидан хабардор бўлган, бироқ коллеж ҳудудини атиги икки полиция қўриқлаб турган.

Талабаларнинг айтишича, жангарилар ўзаро ва телефонда суахили тилида сўзлашганлар.

АҚШ Президенти Барак Обама ҳужумни жирканч деб атади ва кениялик ҳамкасби Ухуру Кениаттега фожеа оқибатларини бартараф этиш учун ёрдам ваъда қилди.

Папа Франциск Кениядаги университет талабаларини отилишини "маънисиз шафқатсизлик" дея қоралаган. Ҳамда дунё ҳамжамияти насронийларнинг ўлимига жим қараб турибди, деб танқид қилган.

Олдинроқ Папа "Исломий давлат" гуруҳига қарши халқаро куч ишлатишни ёқлаб чиққан эди.

"Аш-Шабаб" гуруҳи 2006 йилда Сомалида Эфиопия кучларига қарши ташкил этилган. Африка Иттифоқи кучларига қарши кураш олиб боради. Гуруҳ "Ал-Қоида" ташкилотига алоқадор кўрилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02