Яман: Халқаро Қизил Хочга дори-дармон ва кўмак тарқатишга рухсат берилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи epa

Халқаро Қизил Хоч қўмитаси Яман пойтахти Санога икки учоқ йўллашга қарор қилган.

Бундан олдин жанглар бораётган Яманга инсонпарварлик ёрдамларини етказишга Қизил Хоч ташкилотига рухсат берилди.

Ташкилот бир транспорт учоғида зарур тиббиёт воситаларини, иккинчи кичикроқ учоқда кўмак ташкилоти ходимларини юборишга қарор қилган.

Бироқ Қизил Хочга жарроҳлик амалиётларини бажара оладиган шифокорларни Яманга юборишига ҳозирча расман рухсат берилмаган.

Ташкилот сўзчиси Мари Клейр Фегали айтишича, Яманда ҳаддан зиёд оғир вазият юзага келган.

"Одамлар ташқарига чиқиб озиқ-овқат сотиб ололмайдилар. Шаҳар сув қувурлари бузилгани учун сув етишмаётганини биз биламиз. Биз қўлимиздан келган ҳамма нарсани қилишга ҳаракат қилаяпмиз, лекин аҳвол ҳаддан зиёд оғир", деб айтган Халқаро Қизил Хоч сўзчиси.

Халқаро Қизил Хоч қўмитаси Яман жанубидаги Адан шаҳрида 24 соатлик оташкесимга чақирган.

Аданда охирги соатларда жанглар янада кучайгани ҳақида хабарлар олинган.

Бундан олдин Россия БМТ Хавфсизлик Кенгашини Яман ҳаво ҳужумларида "инсонпарварлик танаффуси"ни қўллаб-қувватлашга даъват этган эди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Саудия Арабистони етакчилигидаги ҳарбий коалиция Яман президенти Абдраббуҳ Мансур Ҳодини қудратдан четлатган шиа Хусий қабиласи жангариларини 12 тундан буён бомбардимонга тутмоқда.

БМТга кўра, охирги икки ҳафта мобайнида 500 дан ортиқ одам ҳалок бўлган.

Покистон парламенти ҳам Саудия етакчилигидаги коалицияга қўшилиш масаласини муҳокама этишга киришган.

Якшанба куни Покистон учоғи Яман пойтахти Санодан 170 Покистон фуқаросини олиб чиққан.

Шу пайтгача Яманни 800 дан ортиқ покистонлик тарк этишга муваффақ бўлган.

Россия қатор МДҲ давлатлари фуқароларини Ямандан олиб чиқишни ташкиллаштирган.

Улар орасида ўзбекистонликлар ҳам бор.

Айни пайтда Яман ташқи ишлар вазири Россияни инсонларни эвакуация қилиш учун учиб келган учоқларда Хусий жангарилари учун қурол-яроғ олиб келганликда айблаган.

Россия томони эса буни "мантиқсиз" баёнот дея рад этган.

Туркия Ямандан Озарбайжон фуқароларини олиб чиқишда кўмаклашишини маълум қилган.

Саудия етакчилигидаги коалиция хабар қилишича, Хитой, Миср, Судан ва Жибутидан Яманга парвозларга рухсат берилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ