IMF МДҲ давлатлари иқтисодининг истиқболидан хавотирда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Халқаро Валюта Жамғармасига кўра, Россиядаги иқтисодий инқироз қолган МДҲ давлатларидаги иқтисодий ўсиш суръатларига таъсир этмай қолмайди.

Мавжуд бўҳрон сабаб, Россияда Ялпи Йиллик Ички Маҳсулот Ишлаб чиқариш кўламининг жорий йилнинг ўзида қарийб 4 фоизга камайиши мумкин.

Истеъмол нархларининг эса, 20 фоизлар атрофида қимматлашиши эҳтимоли бор.

Худди шу манзарада халқаро молиявий ташкилотнинг МДҲ давлатлари иқтисодига оид башоратлари ҳам анчайин салбий.

Унга кўра, бу давлатлар Ялпи Йиллик Ички Маҳсулот Ишлаб чиқариш кўлами жорий йил охирига қадар 2.6 фоизга қисқариши ва уларнинг аксариятида инфляция даражаси ҳам юқорига сапчиши мумкин.

Халқаро Валюта Жамғармасининг хулоса қилишича, “мавжуд ҳолат Россиядаги инқирозий бўҳроннинг МДҲ давлатлари учун иккиламчи оқибатлари бўлади”.

Россия иқтисодининг аҳволига оид башоратларга жаҳон бозорида нефть нархларининг беқарорлиги ва халқаро саҳнада геосиёсий тангликнинг кучайиб бораётгани сабаб қилиб келтирилади.

Халқаро ташкилотга кўра, бунга қўшимча ўлароқ, ташқи кредитга оид шартларнинг кучайтирилиши ва ётиримчилар ишончига дарз етиши шу йилнинг ўзида Россия иқтисодининг рецессиясига сабаб бўлиши мумкин.

Эслатиб ўтиш жоиз, яқинда Жаҳон Банки ҳам худди шундай башорат билан чиққанди.

Фақат бугина эмас

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Мавжуд беқарорликларнинг узоққа чўзилиши ва янги санкциялар эҳтимоли эса, Россияга киритилаётган сармоялар миқдорининг янада камайишига олиб келиши мумкин, - дейди, ўз ўрнида, IMF.

Халқаро ташкилотга кўра, банк ва корпортив соҳаларда вужудга келган ва келажак муаммолар боис, Россиядаги молиявий барқарорлик хавф остида қолади.

Худди шу манзарада янги ҳисобот муаллифларининг эътиборидан ҳануз инқироз ичида бўлган Украина иқтисодининг бу яқин йиллардаги истиқболи ҳам бир четда қолмаган.

Халқаро Валюта Жамғармасининг айтишича, бу йил Украинада ҳам иқтисодий ўсиш суръатлари пасаяди. Аммо, шунинг баробарида, “иқтисодий фаоллик барқарорлашиб, тикланиш нишоналари ҳам кўзга ташлана бошлайди”.

Аммо, халқаро ташкилотнинг энг сўнггида хулоса қилишича, жаҳон иқтисоди 2016 йилга бориб 4 фоизга ўсади.

Эслатиб ўтиш жоиз, Россия Президенти Владимир Путин ўтган йил охирида мамлакати иқтисодининг бу яқин йиллардаги истиқболига алоҳида эътибор қаратган ва мавжуд инқироз икки йилдан узоққа чўзилмаслигини айтганди.

Президент Путин рубль қадрининг пастга шўнғишига "ташқи омиллар"ни айблаган, шунингдек, Россия иқтисодий хилма-хиллик тараққиётида муваффақиятсизликка учраганини ҳам тан олганди.

Аммо Россия раҳбари миллий валюта заҳиралари иқтисодий барқарорликни сақлаб қолиш учун етарли эканини таъкидлаганди.

Марказий Осиё

Минтақавий таҳлилчиларга кўра эса, Россия миллий пул бирлигининг кескин қадрсизланиши аллақачон Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон иқтисодига жиддий зарба бериб улгурган.

Чунки аксарият минтақа давлатларининг иқтисоди Россиядан келаётган пул ўтказмалари ва импортга қарам.

Россия рубли ортидан маҳаллий пул бирликлари ҳам ўз қадрини йўқота бошлади, бу эса, ўз навбатида, кенг истеъмолдаги четдан келаётган маҳсулотлар нархларининг қимматлашувига сабаб бўлди.

Оврўпо Иттифоқи ва АҚШ Украина инқирозида тутган ўрни учун расмий Кремлни “жазолаш”га қарор қилганди.

Россиянинг асосий экспорт маҳсулоти бўлган нефт нархининг пасайиб кетиши эса, бу жараённи янада тезлаштирди.

Ўтган йилнинг сентябр ойидан буёғига рубль ўтган тўрт йил давомида кузатилмаган бир даражада арзонлаб кетди.

Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонга Россиядаги миллионлаб меҳнат муҳожирларидан келаётган пул ўтказмалари ҳам камая бошлаган.

Сўнгги йилларда бу каби нақд тушумлар, дейлик, Қирғизистон Йиллик Ички Ялпи Маҳсулот Ишлаб чиқариш ҳажмининг қарийб учдан бир ва Тожикистонникини ярмига яқинини ташкил қилган.

Маҳаллий кузатувчилар эса, айнан Россиядаги меҳнат муҳожирларидан келаётган пуллар Ўзбекистонда ҳам муҳим "ижтимоий ҳимоя" камари вазифасини бажариб турганлигини таъкидлашади.

Агар, минтақавий таҳлилчиларнинг башоратларига таянилса, Россия иқтисодининг орқага кетиши Марказий Осиёга узоқ муддатли таъсирга эга бўлади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

Бу мавзуда батафсилроқ