Путин: сталинизм ва нацизм – бир бирига тенг эмас!

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption “Левада-центр” сўровларига кўра, россияликларнинг ярмидан кўпроғи Иосиф Сталин мамлакат тарихида ижобий рол уйнаган деб ўйлайдилар.

“Нацистлар бутун этник гуруҳлар –яъни яҳудий, лўли ва славянларни қатл этишни ўз сиёсатининг мақсадларидан бири дея очиқдан очиқ эълон қилишган. Сталин режимининг даҳшатлари, унинг даврида кечган қатағонлар ва бутун халқларни ёппасига сургун этилгани инобатга олинса ҳам, халқларни ер юзидан йўқ қилишни ҳеч қачон мақсад қилиб қўймаган”, деб тушунтирди Путин тарихни бузиб кўрсатиш ҳаракатлари ҳақида сўралганида...

Унинг сўзларига кўра, “буларни” ва “уларни” бир қаторга қўйиш” уринишлари асоссиздир.

Россия расмийлари Ғарбни бир неча марта тарихни қайта ёзишда айблаб чиқишган, хусусан, Совет Иттифоқининг Иккинчи Жаҳон урушига қўшган ҳиссасини камайтириб кўрсатишга қаратилган ҳаракатлари учун...

Апрел ойи бошида Рим папаси Франциск сталинизмни 20 асрнинг энг йирик фожеаларидан бири деб таърифлади, уни нацизм ва арманларнинг қатлиоми билан бир поғонага қўйди.

"...иккаласи ҳам даҳшатли"

Владимир Путин сўзларига баъзи тарихчилар қўшилмайди.

Жамиятда миллий асосда бўлмаган эса ҳам, ижтимоий жиҳатдан саралаш сиёсати олиб борилган ва бу икки нарса бир бирига тенг, деб фикрлайди тарихчи Андрей Зубов.

Андрей Зубовнинг таъкидлашича, коммунистик режим, жумладан Сталин режими ҳам, сўзсиз халқларни барбод этишни кўзламаган бўлса ҳам, бироқ жамиятни бутун ижтимоий синф ва гуруҳлардан халос қилишни мақсад қилиб қўйган.

“Ленин даври ҳамда Сталин даврида ҳам эксплуататор синфларини йўқ қилиш ҳақида кўп гапирилган. Яъни, бартараф этиш маъносида эмас, айнан жисмонан ҳалок қилиш сиёсати амалга оширилган... Ленин-Сталин режими даврида миллионлаб одамлар тадбиркор-капиталист, зиёли, харбий зобит, руҳоний, хуллас маданиятли бўлган шахслар ўлдирилгандилар".

Тарихчининг сўзларига кўра, Қизил ва Катта террор пайтида одамлар ё уларнинг ота-оналари инқилобдан олдинги Россиянинг юқори қатламларига таалуқли бўлганлари учун репрессияларга дуч келишган.

“Инсонни ёқиб юбориш ёки уни ғарқ қилиш икки хил нарсадир, лекин бир хил даҳшатли бўлиши мумкин,” дейди тарихчи.

Миллий ғурур рамзи

Санкт-Петербургда жойлашган Оврўпо университетининг профессори, сиёсатшунос Владимир Гельманнинг ўйлашича, Путин тутган мавқеини мутлақо тушунса бўлади ва бу масалада бошқа талқинни кутиш қийин.

“Агар биз мазкур икки назария ўртасида тенглик белгисини қўйсак, Россияда миллий ғурур рамзига айланган Иккинчи Жаҳон урушидаги ғалаба нафақат аҳамиятини йўқотади, балки бутунлай қадрсизланиб кетиши мумкин. Қўпол қилиб айтганда, баъзи ярамаслар бошқа ярамасларни енгиб олишган деган маъно келиб чиқади”.

Аммо унинг фикрича, Оврўпонинг кўпгина мамлакатларида айнан нацизмни коммунизмга тенглаштириш назарияси қўллаб- қувватловга эга бўлиши мумкин.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Латвияда нацизм ва коммунизм меросига қарши намойишлар кенг тус олган.

Украинанинг коммунизм асоратларидан халос бўлиши

Апрел ойида Украина парламенти Рада мамлакатнинг коммунизм асоратларидан халос қилиш борасида бир қатор қонунларни қабул қилди.

Қонунларда коммунист арболарига бағишлаб қўйилган ҳайкалларни олиб ташлаш, уларнинг хотирасига номланган кўча ва шаҳарларнинг номларини ўзгартириш, ҳамда совет ва нацист рамзларига тақиқ қўйиш каби қадамлар кўзланмоқда.

Қонунларнинг қабул қилинишини “Мухолиф блок” партияси ва коммунистлар қоралаб чиқиб, президент Порошенкони қонунларни имзоламасликка чақиришган.

Кремл ва Россия ташқи ишлар вазирлиги салбий муносабат билдиришди.

Рада депутатлари нацизм билан коммунизмни қоралаб коммунистик рамзларини ҳам ғайриқонуний деб эълон қилишган.

Шўролар мамлакати парчаланиб кетганидан сўнг коммунистик рамзларни тақиқлаш учун кураш деярли бутун пост совет ҳудудида турли мувафақият билан кетмоқда.

"Декоммунизация" жараёни энг изчил шаклида Болтиқ бўйи мамалкатларида рўй берган.

Молдова ва Гуржистонда коммунистик рамзларини ман этишга оид ҳаракатлар осон кечмаган. Молдова парламентининг бу масаладаги ҳаракатлари, ҳаттоки Оврупо Кенгашида танқидга учради.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Горида Сталин тарафдорларининг намойиши.

Мараказий Осиё мамлакатларида кенг миқёсда кампаниялар ўтказишмаса ҳам, бироқ шов-шувларсиз Совет ўтмишидан воз кечишмоқда.

Минтақада Ленин ва Шўро даврининг бошқа арбоблари, ҳамда уруш қаҳрамонлари хотираларига ўрнатилган хайкаллар бузиб ташланмоқда. Марказий Осиё ва Қафқоз минтақасида қатор шаҳарлар маҳаллий ҳокимият томонидан қайта номланган. Масалан, Тожикистоннинг Ленинободи - Хужанд, Арманистоннинг Ленинакани –Гюмри, Қирғизистоннинг Фрунзе пойтахтига Бишкек номи қайтарилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ