Муҳожирлар оқими: Ренци Оврўпо Иттифоқи йиғинини талаб қилмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Италия Бош Вазири Маттео Ренци Шимолий Африкадан келадиган ноқонуний муҳожирлар оқими муаммосини ҳал қилиш учун Оврўпо Иттифоқининг фавқулодда йиғини ўтказилишига чақирди.

Кеча Ўрта Ер денгизида бортида 700 африкалик ноқонуний муҳожир бўлган 20 метрли кема чўкиб кетган. Италия қирғоқ мудофааси вакили хабар қилишича, ҳодиса Италия жанубидаги Лампедуза оролидан 210 чақирим ва Ливия қирғоғидан 27 чақирим узоқликда чўккан.

Италия расмийларига кўра, атиги 28 одам қутқариб қолинган. Жорий йилнинг ўзидагина Шимолий Африкадан Оврўпога йўл олган муҳожирларнинг 1500дан ортиғи чўкиб кетди.

Times of Malta газетаси хабар қилишича, кемадаги одамлар яқин масофада бўлган бошқа кеманинг эътиборини тортиш учун бир томонга йиғилишлари оқибатида кема тўнтарилган.

Айни газета журналисти Марк Микаллеф Би-би-си билан суҳбатда бу каби ҳол ғайриоддий эмаслигини айтди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

"Бу каби ҳолга қайта-қайта гувоҳ бўлаяпмиз: ёрдам яқинлашганда, кема ағдарилиб кетади", - деди у.

Маттео Ренци муҳожирлар ўлимини "ҳар куни содир бўладиган, бироқ одамлар эътибор беришни хоҳламайдиган ҳақиқий қотиллик" дея тасвирлади.

Унинг айтишича, Ўрта Ер денгизида қутқарув кемалари сони кўпайтириш билан муаммони ҳал қилиб бўлмайди, балки Шимолий Африка қирғоқларидан Оврўпога йўлга чиқадиган кемалар оқимини тўхтатиш керак.

Бош вазирга кўра, муҳожирлар ортилган кемаларнинг 90 фоизи Ливиядан йўлга чиқади.

Душанба куни Люксембургда Ўрта Ер денгизидаги ноқонуний муҳожирлик муаммосига бағишланган Оврўпо Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари мажлиси бўлиб ўтиши мўлжалланган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

Алоқадор янгиликлар