Саудия Арабистони Яманни бомбалашни тўхтатди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Ҳаво зарбалари бир ой давом этган

Саудия Арабистони бошчилигидаги араб давлатлари иттифоқи Ямандаги исёнчилар мавқеълари бўйлаб ҳаво зарбаларини тўхтатганини эълон қилди.

Ар-Риёдга кўра, амалиёт ўзининг ҳарбий мақсадларига эришган.

"Ҳал қилувчи пўртана" номи берилган амалиёт бир ой давом этган.

Унинг мақсади Яман жанубидаги исёнчи ҳусийларнинг илгарилашини тўхтатиш эди.

Аммо мухбирларга кўра, ушбу мақсадга эришилмаган.

Янги амалиёт

Жаҳон Соғлиқ Ташкилотининг маълумотларига кўра, март ойи охиридан буён Яманда 950 га яқин инсон ҳалок бўлган.

Бу рақамлар яманлик шифокорлар томонидан тақдим этилган, аммо амалда қурбонлар сони бундан ҳам кўпроқ бўлиши мумкинлиги айтилади.

Image caption Жаҳон Соғлиқ Ташкилотига кўра, март ойи охиридан буён Яманда 950 га яқин инсон ҳалок бўлган

Айни пайтда Саудия Арабистони "Умидни қайта тиклаш" номи остида янги амалиёт бошланганини эълон қилган.

Айни амалиёт доирасида Ямандаги зиддиятга сиёсий ечим топишга ҳаракат қилинади.

Амалиёт Саудия Арабистонининг ўзида терроризмга қарши кураш чораларини ҳам ўз ичига олган.

Эрон Ямандаги исёнчиларга қарши ҳаво амалиёти тўхтатилишини олқишлаган ва ушбу қарорни олдинга қўйилган қадам, дея баҳолаган.

Сунний мусулмонлар томонидан бошқариладиган Саудия Арабистони Теҳронни шиа ҳусий исёнчиларини дастаклашда айблайди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

Бу мавзуда батафсилроқ