Арманистон Усмонли турклар томонидан қирғин қурбонларини хотирламоқда

Image caption Арманистонда хотирлаш маросими

Арманистонда Усмонли турклар қирғини дея аталган воқеаларнинг юз йиллиги хотирланмоқда.

Арманистоннинг даъво қилишича, Усмонлилар империяси барбод бўлиши даврида миллиондан ортиқ арманилар қирғин қилинган.

Хотира маросимлари пойтахт Ереван ташқарисида халқаро меҳмонлар ҳозирлигида кечмоқда.

Россия ва Франса президентлари ҳам қирғин қурбонларини хотирлаш учун Ереванга келишган.

Туркия айни ҳодисаларга қатлиом деб қаралишини қоралайди ва қурбонлар сони бўрттирилган деб билади.

Айни масала Арманистон ва Туркия ўртасида зиддиятларни кучайтирган.

Туркия оммавий қириш содир бўлганини тан олади, аммо фақат армани насронийларига қарши қатлиом бўлгани ҳақидаги даъволарни кескин рад этади.

Туркияга кўра, Биринчи Жаҳон урушида кўплаб бегуноҳ мусулмон турклар ҳам қурбон бўлган.

Туркияда ҳам жума куни хотира куни нишонланади.

Бош вазир Аҳмад Довутўғли Туркия “арманилар изтиробига шерикдир”, деб айтди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Other
Image caption Туркия "қатлиом" бўлганини рад этади

Аммо Туркия Бош вазири оммавий қириш қатлиом бўлмаганини урғулади.

Би-би-сининг Ереванда бўлган мухбири Райҳон Димитри, Усмонли турклар 100 йил аввал ўша вақт Константинопол шаҳрида юзлаб армани зиёлиларини ҳибсга олишгани ва кейинроқ уларнинг аксарияти қатл қилингани хотирланаётганини айтади.

Арманилар бу амал Туркияда Биринчи Жаҳон уруши даврида насроний арманиларни қириш учун баҳона бўлганига ишонишади.

Усмонли турклар бу урушда ўз рақиблари Россияни арманилар дастакламоқда деб ишонишган.

Мухбиримизга кўра, аксарият арманилар айнан шу баҳона билан ўз миллатдошлари қатлиом қурбони бўлганига ишонишади.

АҚШ президенти Барак Обама хотирлаш маросими олдидан баёнот берган.

Обаманинг анчайин эҳтиёткорона баёнотида “ қатлиом” сўзи ишлатилмаган.

Арманистон Черковига кўра, қурбонлар сони бир ярим миллиондир.

Обама 2008 йил президентлик сайлов тарғиботлари даврида “арманилар қатлиом қилинганини “ эътироф этишга ваъда берган эди.

Аммо унинг сўнгги баёноти аксарият арманиларни ғазаблантирган.

Арманистон Черкови Усмонли турклар дастидан қурбон бўлганларни шаҳидлар деб эълон этиш истагини билдирган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ