Непалда ҳалокатли зилзила рўй берди

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Непалда юз берган ҳалокатли зилзилада қурбонлари сони мингга яқинлашган.

Ҳали кўплар вайроналар тагида қолиб кетаётганлари айтилади.

Расмийларга кўра, кўплаб тарихий биноларга ҳам жиддий зиён етган.

Қўшма Штатлар Геологик тадқиқотлар маркази пойтахт Катманду ва Похара шаҳри орасидаги минтақада юз берган зилзила кучини 7.9 балл дея қайд этган.

Силкиниш кучи бутун минтақа, жумладан, Покистон, Бангладеш ва қўшни Ҳиндистонда ҳам сезилган.

Непал вазирларидан бири зилзила эпицентрида зиён кўлами "ўта йирик" эканини айтган.

"Биз бу каби фавқулодда вазият борасида кўпроқ билим ва жиҳозларга эга турли ташкилотлар дастагига мухтожмиз", деб айтган Непал Ахборот вазири.

Катмандудаги қулаб тушган бинолар остидан жасадлар тортиб олинмоқда.

Зиён етган бинолар орасида Дхарахара минораси ҳам борлиги айтилади ва кўплар минора вайронаси тагида қолганлари юзасидан қўрқувлар бор.

Зилзила юз бериши ортидан одамлар уйларини ташлаб кўчаларга чиқишган. Қўл телефонлари ва бошқа алоқа хизматларида узилишлар кузатилади.

Шунингдек, пойтахтдаги ҳаво қўнолғасида ҳам вайронагарчиликлар юз берган. Жароҳат олган одамлар асосий шифохонага олиб кетилган.

"Жуда қўрқинчли эди. Ер ҳаракат қиларди... Менга тиббий хизмат кўрсатишларини кутяпман. Аммо, (шифохона) ходимларининг қўллари қўлларига тегмаяпти", деб айтган девор қулаши натижасида қўли жароҳатланган ишчилардан бири.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Бу Непалнинг 1934 йилдан буёнги тарихида кузатилган энг ҳалокатли зилзила дейилмоқда

Қайтариладиган силкинишлар муайян муддат бутун минтақа бўйлаб сезилиб турган.

Алпинист Алекс Гаван Непал ҳудудидаги Жамолунгма (Эверест) тоғ чўққисида зилзила туфайли қор кўчкилари юз бергани ҳақида твит қилган.

Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди вазиятни вазирлари билан таҳлил қилган. Покистонда Бош вазир Навоз Шариф Непал ҳукуматига ёрдам ваъдасини берган.

Бу Непалнинг 1934 йилдан буёнги тарихида кузатилган энг ҳалокатли зилзила сифатида баҳоланмоқда. 1934ги ер силкинишлари натижасида Катманду вайрон бўлганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

Skype - bbcuzbekradio