Сурия инқирози: Ҳалабда тинч аҳоли “мисли кўрилмаган” жабр чекмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Вайронага айланган шаҳар

Суриянинг иккинчи йирик шаҳри Ҳалабда тинч фуқаролар мисли кўрилмаган жабру ситам чекмоқда, дейди Халқаро Амнистия гуруҳи.

Янги ҳисоботга кўра, ҳукумат кучлари ва кўплаб жангари гуруҳлар ҳар куни уруш жиноятларини содир этишмоқда.

Жангарилар ҳамлаларига қарши ҳукумат сўнгги ҳафталарда Ҳалабни яна ҳам қақшатлироқ бомба ҳужумига тутмоқда.

Муқаддам президент Башар ал Ассад ўз қўшинлари бочкасимон бомбалардан фойдаланаётганини рад этган эди.

Аммо якшанба куни Сайф ал Давла минтақасида бочкасимон бомба ташланиши оқибатида бошланғич таълим мактабидан камида ўн киши қурбон бўлган.

Улар орасида тўрт нафар бола ва ўқитувчи ҳам бўлгани хабар қилинган.

Маҳаллий журналистлардан бири Заина Эрҳаймнинг Би-би-сига айтишича, у болаларнинг бақир-чақирини эшитган ва қутқарувчилар вайроналар остидан қурбонларни қутқаришга ҳаракат қилганини кўрган.

“Мунтазам ҳужумлар”

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Бугунги Ҳалаб...

Халқаро Амнистия ҳисоботига кўра, ҳукумат ҳаво кучлари ўтган йил январ ойидан то шу йилнинг март ойига қадар бочкасимон ( баррел) бомба ҳужумларини тўхтатмаган.

Бу каби бочкасимон бомбалар турфа шаклда бўлади.

Уларнинг айримлари ёнилғи бочкалари бўлса, бошқалари газдан бўшаган идишлардир.

Бу бочкасимон бомбалар ичида портловчи моддалар, метал парчалари жойлаштирилади.

Ҳукумат қўшинлари бочкасимон бомбалар билан 14 та бозорни, 12 та транспорт нуқтаси, 23 та масжид ва 17 та касалхона, тиббий марказлар ҳамда 3 та мактабни нишонга олган.

"Мен болаларнинг бошсиз таналарини кўрдим. Менинг назаримда дўзах шунақа бўлса керак”, дейди маҳаллий ишчилардан бири ал Фардус минтақасида 2014 йилги ҳужумни тасвирлар экан.

Сўнгги саккиз ҳужумда қурбон бўлганларнинг мутлақ аксарияти, Amnesty International га кўра, тинч аҳоли вакилларидир.

Шу муддат орасида маҳаллий фаолларга кўра, бочкасимон бомбалар ҳужумида 3124 нафар тинч фуқаро ва 35 нафар исёнкорнинг қурбон бўлган.

Халқаро Амнистияга кўра, Ҳалабдаги ҳаво ҳужумларига доир бу ҳужжатлар ҳукумат қўшинлари “тинч аҳолини атайдан нишонга олаётганидан” дарак беради.

Бу ҳужумлар эса ташкилот назарида “уруш жиноятлари” сирасига киради.

"Тинч аҳолига қарши бу каби мунтазам ҳужумлар ҳукумат сиёсатининг бир қисмига айланар экан, айниқса Ҳалаб мисолида, айни ҳаракатлар инсониятга қарши жиноятдир”, дейилади ҳисоботда.

Қуролланган исёнкор гуруҳлар ҳам 2014 йилда нишонни аниқ олмайдиган қуроллар, қўлбола ракеталар ишлатиш билан 600 нафар тинч фуқарони қурбон қилишда ва шу билан уруш жиноятини содир этишда айбланади.

Айни ҳисоботда ҳам ҳукумат ва ҳам исёнкорлар кенг миқёсда қийноқ қўллашгани ҳам ҳужжатлаштирилгани урғуланади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ