Толибон исломий давлат қуриш ниятидан воз кечадими?

Агар, Қатардаги узоқ кутилган икки кунлик мулоқот натижаларига таянилса, йўқ:

Афғон ҳукумат ҳайъатининг саъй-ҳаракатларига қарамай, Афғонистон Толибон ҳаракати оташкесимга рози бўлмаган.

Доҳадан олинган энг сўнгги хабарларга кўра, ҳаракат АҚШнинг қадами Афғонистондан буткул узилмас экан, сулҳу мадорага бормаслигини баён қилган.

Эслатиб ўтиш жоиз, расмий Кобул ва Вашингтон ўртасида яқинда имзоланган муҳим хавфсизлик битими ўтган йилги оммавий сафарбарлик ортидан ҳам, Афғонистонда камида 2016 йилгача аксарияти америкаликлардан иборат 10.000 дан зиёд хорижий аскар ва улар қатор ҳарбий базаларининг қолишини кўзда тутади.

Битим янги миллий бирдамлик ҳукумати томонидан имзоланган, айнан ўзи иқтидорга келган ўтган ярим йил ичида Афғонистон бу яқин орада кузатилмаган даражада зўравонликлар гирдобида қоларкан, президент Ашраф Ғани АҚШ билан яқиндан ҳамкорлик, хорижий қўшинларнинг бундан кейинги ҳозирлиги ҳам мамлакати учун муҳим эканини алоҳида таъкидлаганди.

2001 йилда Афғонистондаги Толибон тузумини қулатишга муваффақ бўлганига қарамай, АҚШ томонининг ўзи ўтган 13 йил давомида афғон можаросига на-да ҳарбий ва на-да дипломатик йўлда ечим топишга муваффақ бўлишган.

Бу орада Афғонистондаги президентлик сайлови билан боғлиқ бўҳрон, янги Вазирлар Маҳкамасини ташкил этишдаги узоқ муддатли кечикишлар ва Покистон Қуролли кучларининг Шимолий Вазиристондаги қарийб бир йилдан буён давом этаётган кенг кўламли ҳарбий амалиётлари Афғонистон Толибон ҳаракатининг сўнгги ойларда янада кучайишига хизмат қилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Худди шу манзарада Яқин Шарқдаги “Исломий Давлат” гуруҳи ҳам собиқ толиблар ҳисобига ҳам Покистон ва ҳам Афғонистонга кириб келишга муваффақ бўлган.

Халқаро таҳлилчиларга кўра, жорий пайтда бу икки гуруҳ ўзаро адоватда, деб билинса-да, яқин келажакда минтақада бу икковлонни ҳам ўз ичига олувчи жангари гуруҳларнинг янги глобал иттифоқи вужудга келиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

Уларнинг айтишларича, воқеаларнинг бу каби ривожи нафақат Афғонистон ёки Покистон, балки бутун минтақа учун жиддий таҳдид хавфини англатади.

Афғон ҳукумат ҳайъатидан фарқли тарзда, аввалбошдан Қатарга шунчаки мулоқотлар учун бораётганини баён қилган Афғонистон Толибон ҳаракати ҳайъати эса, Доҳадаги йиғин ортидан, “Балки, келаси ой Бирлашган Араб Амирликларида яна учрашамиз”, - дея гапни калта кесган.

Минтақавий сиёсий таҳлилчиларга кўра, Қатардаги мулоқотлар натижаси ўзлари учун кутилмаган бўлмаган.

Жумладан, Туркиядан сиёсий таҳлилчи Абдулсалом Осимнинг айтишича, ҳали заиф мавқеъда экани пайти сулҳу мадорага рози бўлмаган толиблар бутун Афғонистон бўйлаб қайта фаоллашишга муваффақ бўлган ҳозиргидек бир шароитда ҳеч қачон оташкесимга рози бўлишмайди:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Сиёсий таҳлилчи суҳбатдошимиз, ўз ўрнида, Толибон муаммосининг якуний ечими Афғонистондаги ижтимоий-иқтисодий вазиятнинг жиддий яхшиланиши, мамлакатда кенг қулоч ёйган қашшоқлик, ишсизлик ҳолларига барҳам берилишига боғлиқ экани, аммо, ҳатто, бу масалада ҳам афғон ҳукуматида лозим хоҳиш-ирода ҳамда имкон йўқлигини таъкидлайди.

Қатардаги очиқ мулоқотлар Афғонистон Президенти Ашраф Ғанининг Толибон ҳаракати билан тинчлик музокаралари илинжида асосий ўйинчи давлатларга қилган устма-уст сафарлари ва қудратли Хитойнинг минтақада турли йирик иқтисодий ташаббусларни ўз ичига олувчи янги воситачилик уринишлари ортидан кузатилганди.

Доҳадаги музокараларда Хитой вакилларининг ҳам иштирок этгани хабар берилган эса-да, на-да йиғин ва на-да унинг натижаси ҳақида расмий Пекин ўтган шанба кунидан буён бирор бир муносабат билдирмаган.

Бошқа томондан, тарафлар Афғонистон Толибон ҳаракатининг кетма-кет қонли ҳужумлар билан бошланган ва оташкесим ҳақида бир сўз ҳам дейилмаган баҳорги амалиётларига оид баёнотидан бир неча кун ўтиб уюштирилганди.

Қатар Ташқи ишлар вазирлиги мезбонлик қилган ва шу шанба куни бошланган норасмий мулоқотларга Нобель Тинчлик мукофоти соҳиби, қуролли низоларга тинч йўл билан ечим топишда воситачилик қилувчи Пагваш Кенгаши бошчилик қилганди.

Қатардаги учрашувлар унда ўз вакиллари ҳам ҳозир бўлишганини қатъий рад этган АҚШ ва ҳам ҳар икки Толибон ҳаракатига катта таъсирга эга, деб кўрилувчи Покистон томонидан хуш қаршиланганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Устига устак, президент Ашраф Ғани бошчилигидаги янги миллий бирдамлик ҳукуматининг Афғонистон Толибон ҳаракати вакиллари билан илк бор юзма-юз мулоқотлар столига ўтириши эди.

Британиянинг нуфузли “Рейтер” агентлигининг суҳбатлашишга муваффақ бўлган Қатардаги Толибон вакилинининг айтишича, “Афғонистон ҳукумат ҳайъати ўзларидан жангларни тўхтатиб, оташкесим эълон қилишларини сўраган. Ўзларини биродарларимиз, деб атаган. Афғонистонга қайтиб, мамлакат конституциясига амал қилишларини маслаҳат берган”.

Минтақавий сиёсий таҳлилчиларнинг таъкидлашларича эса, Афғонистон томони ўз вақтида халқаро ҳамжамият томонидан террорчи гуруҳ сифатида кўрилган толибларга тўғри тасниф бермас экан, Толибон исёнчилиги муаммоси ҳам, афғон можароси ҳам ўзининг якуний ечимини топмайди.

Эслатиб ўтиш жоиз, 2001 йилдан буён манфаатдор томонларнинг на-да Покистон ва на-да Афғонистон Толибон ҳаракати билан самарали музокаралар олиб бориш уринишлари иш берган.

Яқинда Афғонистон Толибон ҳаракати минтақадаги жангари гуруҳларнинг аксарияти баъйт келтирган лидерлари Мулла Муҳаммад Умарнинг ҳануз тирик эканини айтиб, унинг таржимаи ҳоли битилган китобни ҳам босмадан чиқарганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ғарб бошчилигидаги иттифоқ қўшинларининг 13 йиллик ҳарбий амалиётлари ортидан ҳам, минтақавий таҳлилчилар ҳар икки давлатдаги толибларнинг сони 10-15 минг атрофида эканини айтишади.

Таҳлилчилар, ўз ўрнида, толибларнинг очиқ жабҳадан кўра, партизанча жанг олиб бориш услуби ва минтақанинг жўғрофий ўзига хосликлари уларни ҳарбий йўл билан енгиб бўлмаслигига далолат қилиши, бунга Ғарб бошчилигидаги иттифоқ қўшинларининг ўтган 13 йиллик тажрибаси ҳам мисол эканини таъкидлашади.

Қатардаги Толибон ҳайъати вакилларининг баён қилишларича, барча хорижий қўшинлар Афғонистондан чиқиб кетишмас экан, барибир, ҳеч ким билан тинчлик музокараларига боришмайди.

Доҳадан олинган хабарларга кўра, мулоқотлари чоғида афғон томони толибларни аксарият хорижликлар мамлакатни тарк этишгани, фақат ўз ҳарбийларини тайёргарликдан ўтказаётган мутахассислар қолишгани, агар жанглар барҳам топса, улар ҳам ортга қайтишларига ишонтиришга уринган.

Аммо, томонлар, барибир, бир муросага келолмай, мулоқотларига якун ясашган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ