Берлинни зўрлаш

Фото муаллифлик ҳуқуқи alamy
Image caption Шўро аскарига қўйилган ҳайкал

Россияда СССРнинг нацистлар Олмонияси устидан Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабаси энг фахр қилинадиган тарихий воқеа ўлароқ талқин қилинади.

Аммо Иккинчи жаҳон урушининг сўнгги палласида олмон аёлларининг Шўро аскарлари томонидан жинсий зўрланиш ҳолатлари эсланмайди.

(Айрим муштарийлар бу ҳикоядан безовта бўлишлари мумкин)

Трептовер паркида 12 метрлик Шўро аскари ҳайкали қад кўтарган.

Шўро аскари бир қўлида қилич билан фашистлар свастикасини чопиб ташлаган ва бир қўлида олмон қизалоғини кўтариб “қотиб” қолган.

Айнан шу ерда 5000 Шўро аскари дафн қилинган.

Берлин учун жангда Шўролар 80 минг аскарини қурбон берган.

Айни ҳайкал остида Шўролар Оврўпо тамаддунини фашистлардан қутқариб қолгани ёзилган.

Аммо айримлар бу номаълум аскар ёдгорлигини “номаълум жинсий зўравон” қабри деб атайди...

Сталин қўшинлари Олмон пойтахти томон илгарилар экан, саноқсиз немис аёлларини зўрлашади.

Бу ҳақда Шарқий ва Ғарбий Олмонияда кўп гапиришмайди.

Россияда эса айни мавзуга ёзилмаган таъқиқ бор.

Россия матбуоти бу мавзуни Ғарб атайдан ўйлаб чиққан афсона деб рад қилади.

Аммо айнан Шўро аскари Владимир Гелфанднинг кундаликлари ана шу оммавий жинсий зўравонликлар ҳақида кўплаб далилларнинг биридир...

Гелфанд украиналик ёш, яҳудий лейтенант бўлиб, 1941 йилдан уруш охирига қадар кундалик тутади.

Гарчанд, хавфсизлик нуқтаи назаридан Советлар армияси кундалик тутишни тақиқлаб қўйганди.

Ҳозирга қадар чоп этилмаган бу кундаликларда аскарларнинг оғир аҳволи тасвирланади.

Озиқ-овқат етишмовчилиги, бит босган аскарлар, антисемитизм, ўғрилик ва аскарлар ўз жанговор биродарларининг этикларини ўғирлашлари...

Фото муаллифлик ҳуқуқи vitaly gelfand
Image caption Шўро зобити Владимир Гелфанд

1945 йил феврал ойида Гелфанд Одер дарёси тўғонига жўнатилади.

Бу ерда улар Берлинга сўнгги, ҳал қилувчи ҳамлага тайёрланишлари керак бўлган.

У кундаликларида немис аёллари баталёнини қандай қилиб қуршаб олишганини тасвирлайди.

"Биз тутиб олган олмон аёллари қурбон бўлган эрлари учун қасос олишаётганини айтишди. Уларни шафқатсиз йўқ қилиш керак. Аскарларимиз уларнинг жинсий аъзоларидан пичоқлаб ўлдиришни таклиф қилишди, мен эса фақат қатл қилиш тарафдори эдим”.

Вазият бундан ҳам даҳшатлироқ тус олади.

Гелфанд кундалигидаги энг даҳшатли манзара 25 апрел куни рўй беради.

Бу пайт у Берлинга етиб келади.

У умрида биринчи марта велосипедда сайрга чиқади ва бир гуруҳ олмон аёлларига дуч келади.

Аёллар жомадон ва тугунчалар кўтариб олишган эди...

У ўзининг ҳаминқадар олмончасини ишга солиб, аёллардан қаерга кетишаётганини сўрайди.

"Улар юзларида даҳшат билан Қизил армия келган биринчи тунда кечган воқеаларни ҳикоя қилиб беришди”.

"Мени мана бу еримга...” дер экан, ёш ва гўзал олмон қизи юбкасини кўтаради.

“Уларнинг йигирматаси мени...” дер экан ўкраб йиғлаб юборади.

" Қизимни менинг кўз ўнгимда зўрлашди”, дейди она.

“Улар яна қайтиб келишса, яна зўрлашса...биз жуда қўрқдик, бу даҳшатлидир”.

" Мен билан қол, фақат ўзинг қол, нима қилсанг қил, фақат бир ўзинг”, дер экан бу қиз мени қучоқлаб олди деб хотирлайди Гелфанд.

Фото муаллифлик ҳуқуқи vitaly gelfand
Image caption Гелфанд умрида биринчи бор велосипедда сайр қилмоқда

Аммо...Олмон аскарлари Шўролар иттифоқида аёлларни тўрт йил зўрлагани ҳақида ҳақиқатлар ҳам бор эди ва буни Гелфанд биларди.

"У фашистлар гўдакларни ҳам ўлдирган кўплаб қишлоқлар оша Берлинга етиб борган эди”, деб хотирлайди Гелфанднинг ўғли Виталий.

“Отам жинсий зўравонлик қилишганига оид далилларни кўрган эди...”

Аммо Вермархт аслида Орийларни паст табақа билан жинсий алоқа қилишини тақиқлаб қўйганди.

Москвадаги Иқтисод олий ўқув юртидан Олег Будницкийга кўра, бу тақиққа мутлақо бўйсунмаганлар.

Нацист қўмондонлар жинсий хасталиклар тарқалишидан қўрқиб ҳарбий исловатхоналар очиб қўйишган.

Олмон аскарлари рус аёлларини зўрлаганига доир далиллар деярли қолмаган, чунки зўрланган аёлларни тирик қўйишмаган, аммо Берлиндаги Олмон-Рус музейи директори Йорг Морременга бир сурат кўрсатди.

Бу фотосурат немис аскарининг фотоалбомидан олинган.

Унда ер узра аёл жасади судралаётгани акс этади.

Айни даҳшатнок манзара Қримда тасвирга туширилган.

Музей директорига кўра, бу аёлни зўрлаб ўлдиришган ва ёки аввал зўрлаб, кейин ўлдирганлар...

“Унинг юбкаси тепага кўтарилган. Қўллари билан юзи тўсилган”.

Қизил Армия Шўролар матбуоти таърифи билан “ фашист ҳайвонларининг инига” яқинлашиб борар экан, ўша пайт чиқарилган постерларда “ Аскар, сен немис еридасан, қасос олиш вақти келди!” деган даъватлар аксланган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Владимир Гелфанднинг ўғли ўз отасининг кундаликларини нашр қилмоқчи

19 армиянинг сиёсий бўлими аслида ҳақиқий Шўро аскарининг юраги нафратга тўлган бўлади ва у олмонлар билан жинсий алоқадан ҳазар қилади деб тарғиб этади.

Аммо аскарлар яна бир бор идеологларга “чап беришади”.

Тарихчи Антони Бивор китоб ёзиш жараёнида Россия Федерацияси архивларида аскарларнинг жинсий зўравонлигига оид қатор ҳужжатлар билан рўпара келади.

Улар НКВДга, Лаврентий Берияга жўнатилган бўлган.

"Айни ҳужжатларни Сталинга кўрсатишган...Бу ҳужжатларда Шарқий Пруссияда аёллар бу каби жинсий зўравонликлардан қўрқиб фарзандларини, ўзларини ўлдиришгани битилган...”

Уруш даври кундаликларидан яна бири Олмон аскарининг қаллиғига тегишли ва унда айрим аёллар тирик қолиш учун нималарга тоқат қилишгани ҳикоя қилинади.

1945 йил 20 апрелидан бошлаб бу ўта очиқ ва самимий муаллиф, худди Владимир Гелфанд каби уруш даҳшатларини тасвирлайди.

Қизил армиянинг келишини кутар экан, у ва бошқа аёллар ҳазил қилишади.

“Бошимиздан америкаликлар бомба ёғдирганидан кўра, руслар устимизга чиқишсин”, деб ёзилади кундаликда ...

Яъни, бомбадан ўлгандан кўра, жинсий зўрланган маъқулроқ...

Аммо руслар улар ётган бомбапаноҳ ертўлага етиб келишганида, бошқа аёллар йиғлаб ёлворишади.

Кундалик ёзадиган аёлга нола қилишади.

Ўз русчасида рус зобитига ҳолларини баён қилишини сўрашади.

У вайронага айланган кўчаларда Совет зобитини топади.

Сталиннинг тинч фуқароларга озор етказмаслик буйруғига қарамай, бу зобит, елка қисади ва “барибир зўравонлик қилишади”, дейди.

Зобит бу аёлни аскарлар ҳузурига олиб келади ва уларга танбеҳ беради.

Аммо бир аскар ғазабини босолмайди.

"Нима деганинг бу? Немислар бизни аёлларга нималар қилганини биласанми? Улар менинг синглимни олиб кетишди...”

Кейин бу кундалик ёзадиган аёл аскарларнинг кетган кетмаганини билиш учун коридорга чиқар экан, бир неча аскар уни тутиб олади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Шўро аскари Берлинлик аёл билан велосипед талашмоқда

Зўрлашади.

Ертўлани эшикларини маҳкам ёпиб олишади.

Кейинроқ эшиклар очилади...

“Ҳамма менга қараб турарди. Мен ярим яланғоч эдим. Чўчқалар! Мени икки бор зўрлашди ва санлар мени мағзава ичида қолдириб яшириниб ўтирдинглар!”

Вақт ўтиб бу кундалик ёзувчи аёл оммавий зўрлашларга чек қўйиш учун бир “бўри” топиши кераклигини тушуниб етади.

Бу "бўри" Ленинграддан келган юқори лавозимли рус зобити эди.

Бу зобит билан бирга яшай бошлайди.

Зўрловчи ва зўрланувчи орасидаги муносабатлар сал юмшайди.

Олмон аёли ўз рус зобити билан адабиёт ва ҳаёт мазмуни ҳақида суҳбатлар ҳам қурадиган бўлади.

"Майор мени зўрлаяпти деб айтмаган бўлардим...Буни мен гўшт, сариёғ, шакар, шағам ва консерва учун қилмоқдаманми? Қайсидир маънода шундай...Аммо у мени аёл сифатида қанчалар оз истар экан, мен уни шахс ўлароқ шунча кўп ҳурмат қилмоқдаман”.

Бу аёлнинг аксар қўшнилари ҳам шундай йўл тутишади.

1959 йилда бу кундалик “Берлиндаги аёл” номи билан чоп этилади.

Муаллифни “Олмон аёлини беномус” қилишда айблашади.

Шундан кейин у бу китобни ўз ҳаётлигида қайта нашр этишларини тақиқлаб қўяди.

Уруш тугаганидан бери етмиш йил ўтар экан, Иттифоқчи кучлар, Британия, Америка, Шўро ва Франса қўшинларининг жинсий зўравонликларига доир маълумотлар ошкор бўлмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи German Russian museum
Image caption Шўро аскарлари овқат тарқатмоқда

Аммо йилларки бу мавзу мулозимлару расмийлар назаридан четда қолиб келди.

Айни жиноятлар борасида айтганлар оз эди, уларни эшитганлар эса яна ҳам озроқ бўлди.

Шарқий Олмонияда Шўро қаҳрамонларини танқид қилиш мумкин эмас эди, Ғарбий Олмонияда эса нацистлар жиноятларидан немислар кўз очолмай қолганди...

2008 йилга келиб Берлин аёли кундаликларидан кино ишланди.

Унда Олмониянинг машҳур актрисаси Нина Ҳос бош ролни ижро этди.

Бу филм Олмонияда Иккинчи жаҳон урушидаги жинсий зўравонликларга доир қарийб тақиқланган мавзуни “тирилтирди”.

Кўплаб зўрланган аёллар ўз дардларини тўкиб солишди.

Улар орасида Ингеборг Буллерт ҳам бор эди.

90 ёшли Ингеборк Буллерт хоним Ҳамбургда истиқомат қилади.

Унинг чоғроққина уйи мушуклар суратлари ва театр ҳақидаги китоблар билан лиқ тўла...

1945 йилда у 20 ёш бўлган ва актрисаликни орзу қилган.

Онаси билан Берлиннинг обод маҳалласида яшаган.

Шўролар шаҳарга киришганида у онаси билан бинонинг ертўласидан бошпана топган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Dorothy Feaver
Image caption Ингеборг ўзини қандай зўрлашганини гапиришга журъат қилди

"Бирданига кўчамизда танклар пайдо бўлди. Ташқарида олмон ва рус аскарларининг жасадлари ётарди...Мен яна Шўролар бомбаларининг ўзига хос, қулоқни қоматга келтирувчи овозларини эслайман”.

Огоҳлантириш овозлари тинганида у югуриб тепага чиқади, чироқлар учун симми ва ё бир арқонми қидиради.

Шу он унга икки рус аскари тўппончасини ўқталиб турганини кўради.

"Улардан бири мени ечинишга мажбур қилди, зўрлади, кейин бошқаси билан ўрнини алмаштиришди... Мен ўламан деб ўйладим. Мени ўлдиришади деб ўйладим”.

Ингеборг бу мудҳиш воқеа ҳақида ҳеч кимга оғиз очмайди.

Аммо орадан йиллар ўтади...

“Онам бўлса... “менинг қизимга ҳеч ким қўл теккизмаган” деб мақтанарди...”

Аммо жинсий зўрланган аёллар бутун Берлин бўйлаб тарқаб кетишганди...

Ингеборгнинг хотирлашича, ёши 15 дан 55 гача бўлган аёлларни турфа жинсий хасталиклар учун мажбуран тиббий кўрикдан ўтказишган.

Озиқ-овқат талончалари берилиши учун ана шу тиббий ҳужжат жуда ҳам муҳим бўлган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи
Image caption Ингеборгнинг ёшлиги

Жинсий зўрланганларнинг сони қанча бўлган? Бу саволга энг кўп берилган жавобга қаралса, Берлиннинг ўзида 100 000, Олмонияда эса 2 миллион хотин-қизлар жинсий зўрланган...

Айни сон бўйича мубоҳасалар давом этмоқда, аммо бу тўхтамга келиш учун тиббий ёзувларга таянилгани айтилади.

Собиқ қурол-аслаҳа заводи, ҳозирда эса Давлат архиви жойлашган бинода Мартин Лютерҳанд менга бир талай ҳаворанг дафтарчаларни кўрсатади.

Булар Берлиннинг фақатгина бир тумани – Нюколнда 1945 йилнинг июлидан октябригача даврда ҳомилани сунъий равишда олдирганларга тегишли дафтарчалар.

Олмонияда ўша давр ҳомилани сунъий олдириш тақиқланган.

Мартин Лютерҳандга кўра, 1945 йилда кечган жинсий зўравонликлар туфайли аёллар ҳомилани олдириш имкониятига эга бўлганлар.

Бу даҳшатли тиббий тарих саҳифаларида ... бир ёзув худди болаларники каби беўхшов кўринади.

Унда бир қизалоқ ўзини ота-онасининг кўзи ўнгида, ўз уйида зўрлашганини ёзиб, ҳомиласини олдириш ниятида эканини айтади.

Эҳтимолки, Олмонияда уруш даврида кечган жинсий зўравонликларнинг асл рақаму даражасини биз ҳеч қачон билмасмиз...

Россия парламенти яқинда Иккинчи Жаҳон уруши даврида Шўролар тарихига доғ туширадиган амал учун жарима ва беш йилга довур қамоқ жазоси берилишига доир қонунни қабул қилди.

Москвадаги Гуманитар Университет тарихчиси Вера Дубинага кўра, у токи Берлинга таҳсил олиш учун борганига қадар, Шўро армиясининг жинсий зўравонликлари ҳақида ҳеч нарса билмаган.

Кейинроқ у бу мавзуда мақола ёзади, аммо уни нашр этишга қийналади.

" Россия матбуоти бу мақолага жуда душманона муносабатда бўлди. Одамлар фақатгина бизнинг Улуғ Ватан урушимиз ҳақида билишни исташади, ҳозир эса бу урушга бошқа томондан қараш умуман мушкул бўлиб қолди”, дейди у.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Dorothy Feaver
Image caption Зўрланган олмон аёлининг кундаликлари

Эҳтимол, тарихнинг таъбир жоиз бўлса тақдири шудир – замонага мослашиш.

Шунинг учун ҳам кўз билан кўрганлар ва ё бошидан кечирганларнинг гувоҳликлари жуда ҳам муҳим.

Кексалар бу оғриқли мавзу ҳақида қўрқмасдан гапирсалар, ёшлар эса журъат билан қоғозга туширсалар...

Виталий Гелфанд аксарият Шўро аскарлари қаҳрамонона жанг қилишгани, жонларини қурбон беришганини рад этмайди, аммо унга кўра, уруш фақат шону шарафдан иборат эмас.

Яқинда у Россия радиоси билан шу мавзуда суҳбат қилди.

Оқибатда, аксиляҳудий нафрат билан тишини қайраган троллар ҳужуми остида қолди.

“Исроилингга жўна” деб маломатлар қилишди, зотан Виталий сўнгги 20 йил ичида Берлинда яшайди.

Ижтимоий тармоқларда унга ташланган троллар Виталий отасининг кундаликлари бўлгани ёлғон дейишди.

Шундай бўлса ҳам Виталий йил охирларида отасининг кундаликлари Россияда нашр этилишига умид қилади.

Кундаликларнинг бир қисми немис ва швед тилига таржима қилинган.

"Агар одамлар ҳақиқатни билишни исташмаса, улар ўзларини алдамоқдалар...Чунки бутун дунё буни тушуниб турибди, ўша янги қонунлар чиқараётганлар ҳам буни тушунади. Ўтмишни ўрганмасдан келажакка қадам ташлаб бўлмайди”, дейди у.

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti
Image caption Шўро байроғи

Берлин учун жанг

• Қизил Армия Венани олганидан кейин Сталин Берлинга юриш учун буйруқ беради. У шаҳарни Америка кучларидан аввалроқ ишғол қилишни истайди.

• Қизил Армия қўшинларининг сони 2 ярим миллионга етади, 6000 танк ва 40 000 артеллерия қуроли жангга киради. Минглаб учоқлар Берлин учун ҳавода жанговор парвоз қилишади.

• Қақшатқич жанглар ва катта талофатлар билан 21 апрел куни Қизил Армия қўшинлари Берлин остонасига етиб келади.

• 22 апрел куни Адолф Гитлер мағлубиятни тан олишига бир баҳя қолади, аммо бунинг ўрнига ўз бункеридан туриб шаҳарни мудофаа қилиш учун жанговор буйруқ бериб туради.

• Шўролар шаҳарга кирар экан, тахминан 100 000 нафар берлинлик хотин-қизлар жинсий зўравонлик қурбони бўлишади.

• 30 апрелда Гитлер ўзини ўлдиради, 2 май куни эса Рейхстаг ишғол қилинади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ