Британияликлар умумсайловларда овоз бермоқдалар

Кескин кечган сайловолди кураши ортидан Британия умумсайловларида овоз бериш бошланган.

Британия ёзги вақти билан эрталабки соат 7 да сайловда овоз бериш учун сайлов участкалари очилган.

Ва овоз бериш ҳуқуқига эга 50 миллионга яқин Британия фуқаролари кечки соат 22 гача овоз беришда иштирок этадилар.

Бу галги сайловда британияликлар илк бор Интернет орқали ҳам овоз беришлари мумкин.

Бугун Британия парламентининг 650 аъзоси сайланади.

Шу билан бирга маҳаллий кенгашларнинг минглаб аъзолари ҳам сайланади.

Мамлакат бўйлаб 650 округ тузилган, ҳар бир округда сайловчилар партия учун эмас, шу округдан номзоди илгари сурилган муайян кандидат учун овоз берадилар.

Шу округдан ким кўп овоз тўпласа, ўша номзод ғалаба қозонган деб кўрилади.

Якуний овозлар бўйича қайси партия кўп ўринларни эгаллашга муваффақ бўлса, ўша партия янги ҳукуматни шакллантиради.

Британиянинг сайлов ҳақидаги қонунчилигига биноан, маҳаллий оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, Би-би-сии ҳам сайловчиларнинг овоз беришига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳар қандай ахборотни кечки соат 22 гача тарқатиши мумкин эмас.

Аксар таҳлилчилар фикрича, бу галги сайловлар Британияда сўнгги ўн йилликлардаги натижасини олдиндан башорат қилиш энг мушкул сайлов бўлмоқда.

Эрта-индин партиялар ўртасида қаттиқ музокаралар, сиёсий олди-берди бошланади, деб кутилмоқда.

Британияда сайлов кунида нималар мумкин, нима мумкин эмас?

Ўтган ўн йиллар ичида Британия сайлов участкаларидаги тартиб деярли ўзгармаган.

Буюк Британия-"тақиқланмаган ҳамма нарса мумкин" тартиби амал қиладиган мамлакатлардан бири. Бу сайлов масканларида сайловчиларга ҳам тааллуқли.

Қонун сайлов участкасида суратга туширишни тақиқламайди, бироқ жуда мураккаб қонунчилик боис сайлов комиссияси расмга туширишни маслаҳат ҳам бермайди.

Шунингдек, сайлов комиссияси участка ичкарисида твит қилмасликни сўрайди.

Сайловга ит ва мушуклар билан эса келиш мумкин. Фақатгина жониворлар жараённи тинчгина кузатиб туришлари мумкин бўлса.

Сайлов участкаларида сиёсий мазмундаги кийимларни кийиш ҳам яхши эмас. У ёки бу партия номи туширилган футболкаларда келиш бошқа рақиблар фикрича уларга нисбатан босим ёки қўрқитиш деб қаралиши боис бунга йўл қўйилмайди.

Бундан ташқари сиёсий баҳслар сайлов масканида тақиқланади.

Назарий томондан қиролича ҳам овоз бера олади. Бироқ амалда монархнинг сиёсий бетарафликка амал қилмаслиги конституцияга зид саналгани учун амалда у овоз бермасликни маъқул кўради.

Буюк Британияликлар эртага, 7 май куни 50 мингга яқин сайлов участкаларида овоз берадилар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

Skype - bbcuzbekradio

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ