Британия сайлови: Ким ғолиб ва ким мағлуб? Бунинг аҳамияти нимада?

Фото муаллифлик ҳуқуқи PA

Британияда кеча бўлиб ўтган умумхалқ сайловларининг илк натижаларига қаралса, консерваторлар парламентдаги энг кўп ўринларни эгаллашади ва ҳукумат тузишга муваффақ бўлишади. Би-би-си башоратига кўра, консерваторлар 329та ўринни эгаллайдилар ва бу уларнинг якка партияли ҳукумат тузиши учун етарлидир. Парламентга умумий ҳисобда 650 депутат сайланади. Ибрат Сафо сайловни яқиндан кузатмоқда, Ибрат, аввало, қанчалар кутилмаган бўлди бу илк натижалар?

Мутлақо кутилмаган натижалар бўлди. Демократия ўзининг нақадар кутиб бўлмайдиган ва башорат қилиш қийин бўлган жозибали тарафини яна бир бор намойиш қилди. Ҳатто Бош Вазир Девид Камероннинг ўзи ҳам бу каби муваффақиятни кутмаганди. Чунки унинг охирги беш йил ичида олиб борган сиёсати, баъзилар томонидан, бойни бой қилувчи ва қашшоқларни янада эзувчи сиёсатдек тақдим қилинди ва Камерон жаноблари ўзининг консерваторлар партияси аксарият овозларни олишларига кўзи етмаганди. Лейбористлар, ўзларининг ёш лидери Эд Милибанд билан катта мағлубиятга учрадилар, улар ҳам буни кутишмаганди, улар овозлар деярли тенг бўлиши ва балки бошқа партиялар билан коалицияга кириб ҳукуматни бошқаришга ҳам кўз тикаётгандилар. Аммо, афтидан энди улар парламентда 233та ўринни эгаллайдилар. Лейбористлар раҳбари Эд Милибанд овозлар саналиши билан ўтган тунни ўз партияси учун "ўта машаққатли ва ғамгин тун" дея тасвирлади. Илк натижалар ва башоратларга биноан, охирги беш йил ичида ҳукуматдаги коалициянинг бир қисми бўлиб келган либерал-демократлар партияси мазкур сайловларда энг катта мағлубиятга учради ва парламентда 47 ўринни йўқотди. Энг катта ғолиблар деб Шотландиянинг миллий партияси, SNPни айтиш мумкин. У маҳаллий лейбористлар устидан йирик ғалаба қозонганини намойиш қилмоқда. У Шотландиядаги 59та округдан 56тасини қўлга киритиши кутилади.

Шу ерда Британия сайлов тизимини бироз тушунтириб берсангиз. Яъни ҳар бир сайлов участкасида энг кўп овоз олган номзод парламентдан ўрин олади, шундай эмасми?

Худди шундай, сайловлар 650та округда аксарият овоз тизими бўйича бўлиб ўтди. Бу дегани ҳар бир ҳудудда сайловчилар партия учун эмас, балки аниқ номзодга овоз берадилар. Ғолиб эса энг кўп овозни олган номзод бўлади. Баъзилар учун бу адоласиз тизимдек кўриниши мумкин, мана масалан, Британия мустақил партияси, яъни UKIP ўзининг Оврўпо Иттифоқига қарши сиёсати билан мамлакат бўйлаб миллионлаб овозлар йиғишга муваффақ бўлди, лекин фақат битта номзоди битта округда ютиб чиққани учун, у энди парламентда фақат битта вакилига эга бўлади. Шунинг учун кичикроқ партиялар анчадан бери ислоҳотларни талаб қилиб келишаяпти, ва агар сайлов тизими ислоҳ қилинса, ҳар доим британ сайловларининг қурбони бўлиб келадиган кичик партиялар парламентга мустаҳкамроқ ўрнашиб олишлари мумкин бўлади.

Ўнг қанотнинг ғолиб чиқиши, чап қанотнинг мағлубияти, ундан ташқари шотланд миллатчиларининг бу каби йирик ғалабаси нимани ўзгартириши мумкин келгуси беш йил ичида?

Баъзи таҳлилчилар бу сайловлар Британ тарихидаги ҳар қандай сайловдан ҳам жиддийроқ ва аҳамиятлироқ оқибатларга олиб келиши мумкин дейишаяпти. Чунки энди Оврўпо Иттифоқига аъзоликдек йирик масала кун тартибига киритилади, Девид Камерон икки йилдан сўнг "Бу иттифоқдан чиқиб кетайликми?" деб референдум ўтказиши кутилаяпти. Шунингдек, Буюк Бритаянинг ўзи ҳам парчаланиш хавфи остида қолаётир, чунки Шотландияда SNP миллий партияси ўта йирик ғалаба қозониб, Шотландияни энди деярли якка партия ҳукмрон бўлган ўлкага айлантирди. Ўтган йили Шотландия мустақиллиги борасидаги референдумда шотландлар оз кўпчилик билан мустақилликка "йўқ" деб жавоб беришганди, лекин энди яна референдум ўтказилиши ва бу сафар "ҳа" деб жавоб беришлари эҳтимоли катта. Тасаввур қилинг, консерваторларни тоқат қила олмайдиган 56та миллатчи шотланд депутатлар энди парламентдан ўрин олишади ва бу парламентдаги мувозанатни кескин силкитади. Лейбористлар эса ўринларни йўқотиб мағлубиятга учраган бўлсаларда, агар мухолифат доирасида шотландлар билан тил бириктиришса, консерваторларнинг сиёсатига яхшигина қаршилик қилишлари мумкин бўлади. Ундан ташқари, агар Британия мустақил партияси UKIPнинг қанчалар кўп овоз олганига қарасак, Британияда муҳожирларга қарши кайфиятлар, баъзилар наздида, ҳатто ирқчи қарашлар қанчалар кучайиб бораётганини кўриш мумкин. "Британияга муҳожирлар керак, улар мамлакатимизга фойда келтиради" деб чиққан партиялар эса кам овоз олдилар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Your contact details
Disclaimer