Македонияда икки кунлик мотам эълон қилинди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Сербия чегарасидаги Македониянинг Куманово шаҳрида қуролли тўқнашувлар рўй берган. Оқибатда саккиз полициячи ва 14 қуролли ҳалок бўлган.

Македония Ички ишлар вазирлиги хабар қилишича, "яхши тайёргарликдан ўтган террорчилар гуруҳи" қўшни мамлакатдан Македония ҳудудига кирган.

Қўшни давлат номи тилга олинмаган.

Хабар қилинишича, жангарилар автомат ва гранаталар билан қуролланган бўлганлар.

Уларнинг нишони Куманово шаҳарчасидаги давлат идоралари бинолари бўлгани хабар қилинмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Куманово аксар аҳолисини этник албанлар ташкил қиладиган шаҳарчадир.

Шаҳарча Македония пойтахти Скопьедан 40 килолметрча шимолда жойлашган.

Куманово яшовчилари айтишларича, 9 май куни эрталабдан отишма овозларини эшитганлар.

Шаҳарча атрофини полиция бронетранспортёрлар билан ўраб олган.

Шаҳар осмонида тикучарлар кузатилган.

Ички ишлар вазирлигига кўра, қуроллилар билан жангларда саккиз полициячи ҳалок бўлган, қарийб 40 полиция ходими жароҳатланган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

20 жангари таслим бўлгани хабар қилинган.

Ички ишлар вазирлиги қолган жангариларни уйма-уй қидириш амалиёти давом этаётганини маълум қилган.

Кумановонинг Дива-Насельба туманининг айрим яшовчилари Македонияга ноқонуний кириб келган жангариларни ўз уйларида яширганлар, деб айтган Ички ишлар вазирлиги расмийси.

30 тача инсон ҳибсга олинган.

Маҳаллий матбуот хабарларида сўнгги қуролли тўқнашувнинг асоси миллий низо бўлиши мумкинлиги хабар қилинмоқда.

2001 йили албан миллий озчилик вакиллари ҳуқуқлари талаб қилиб чиқилганди.

Исёнчилар Македония ҳукуматига қарши чиққанлар.

Ўшанда этник албанларга кўпроқ ҳуқуқ бериш кўзда тутилган тинчлик шартномаси имзоланган, бироқ таранглик ҳамон сақланиб келаётганди, дейишади кузитувчилар.

Оврўпо Иттифоқи Македониядаги зўравонликлардан хавотир изҳор этиб чиққан.

Мамлакатда икки кунлик мотам эълон қилинган.

Ички ишлар вазирлигига кўра, жангарилар давлат биноларини нишонга олган, бироқ мухолифатга кўра, ҳукумат кучайиб бораётган сиёсий инқироздан омма эътиборини чалғитишга ҳаракат қилаяпти.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio