Ҳиндистонда Осиё шерлари сони ортди

Ҳиндистонда Осиё шерлари сони 523тага етган. Гужарат Бош вазири Анандибен Пателга кўра, 2010 йил уларнинг сони 411та деб қайд қилинганди.

Гужарат штатидаги Гир ўрмони Осиё ва ё Форс шерлари деб аталувчи жониворлар яшовчи учун ягона маскандир.

Бир пайтлар Гужаратда кенг тарқалган ушбу жониворлар сони 20 аср бошларига келиб овчилик ва қурғоқчилик боис мисли кўрилмаган даражада камайиб кетганди.

Аммо, ўтган асрда шерларни ов қилишни тақиқлаш, аксинча, уларни асрашга қаратилган қатор чоралар йўлга қўйилиши ортидан улар яна кўпая бошладилар.

Сўнгги тадқиқотлар ой бошларида расмийлар ва кўнгиллилардан иборат гуруҳ томонидан олиб борилган. Ҳисоб-китоблар натижасида 109та вояга етган эркак шер, 213та урғочи, 213та шербачча борлиги аниқланган.

Шерлар Гужаратнинг Саураштра минтақасидаги 21, 000 квадрат метрлик ҳудудда умргузаронлик қилишади.

Аммо, мухбиримизга кўра, ушбу жониворлар сони ортиши билан уларнинг хавфсизлигига оид янги хавотирларни пайдо бўлган.

Атроф-муҳитни сақлаш фаолларига кўра, шерларнинг 40 фоизга яқини ўрмон ҳудудидан ташқарида яшайди. Ўтган 5 йил асносида 260та шер нобуд бўлган.

Очиқ қудуқлар, хўжаликлардаги очилиб қолган электр симлари, ноқонуний овчилик ва поездлар қатнови Саураштра минтақасини "Осиё шерлари учун ўлим майдони"га айлантирган.

Шунингдек, шерлар ўтган икки йилда 14 инсонни ғажиб ташлаган ва 114 кишига жароҳат етказган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ