ХМТ: Минглаб қочқинлар денгизда қолиб кетишмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Силласи қуриган муҳожирлар Индонезия соҳилларига келтирилган

Халқаро Муҳожирлик Ташкилотига кўра, Бангладеш ва Бирмадан келаётган минглаб қочқинлар Тайландга яқин денгиз ҳудудида қолиб кетишган.

Уларнинг қуруқликка етиб боришлари имконсиз, чорасиз бир аҳволда қолишган.

Ташкилот воизининг Би-би-сига айтишича, Тайланд ҳукуматининг Роҳинга муҳожирларига қарши кўрган чоралари боис кўплаб одам савдогарлари ўз йўловчиларини соҳилга етказа олмаяптилар.

Ишонилишича, 8, 000 га яқин одам ўзлари тушган қайиқларда қолиб кетишмоқда.

Сўнгги икки кун асносида 2, 000дан ортиқ инсон Малайзия ва Индонезияга етиб борган. Тўғрироғи, улар денгиз қутқарув хизматлари томонидан қутқариб қолинган.

Халқаро Муҳожирлик Ташкилотининг Тинч уммони ҳавзасидаги Осиё давлатлари бўйича масъули Жеффри Лабовиц Би-би-си билан суҳбатда айтишича, Тайланд жанубидаги ташландиқ жамлоқда ўнлаб инсон жасади қолдиқлари топилиши ортидан полиция ноқонуний муҳожирликка қарши ҳаракатларини кучайтирган ва шу боис, одам савдогарлари қайиқларни денгизда ушлаб туришибди.

Бангладешлик муҳожирлар ҳамда Бирмада таъқибга учраган Роҳинга жамоаси вакиллари одатда ноқонуний йўллар билан Тайландга етказилади ва улар Малайзия ё-да, бошқа мамлакатга етиб олишлари учун пул ишлашларига тўғри келади.

Бирманинг исталмаган фуқаролари

Роҳинга Бирмадаги туманнинг номи бўлиб, унда асосан мусулмонлар истиқомат қилишади.

Тахмин қилинишича, улар мусулмон савдогарларининг авлодлари ва айни минтақада 1,000 йилдан ортиқроқ вақтдан бери ўрнашиб қолишган.

Роҳинга мусулмонлари Бангладеш, Саудия Арабистони ва Покистонда ҳам яшайдилар.

Бирмада улар доимий таъқибга учрайдилар, мажбурий меҳнатга сафарбар қилинади. Уларда ерга эгалик ҳуқуқи йўқ ва қаттиқ ҳақлари қаттиқ чегараланган.

Жамоанинг Бангладешда яшовчи вакиллари ҳам ўта қашшоқ, ҳужжатсиз ва ишга кириш имкониятларидан маҳрум ҳолатда яшайдилар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ