Оврўпо Иттифоқига квота бўйича муҳожирларни қабул қилиш таклиф қилинмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Оврўпо Комиссияси Оврўпо Иттифоқига аъзо давлатларнинг квота тизими бўйича қочқинларни қабул қилиши кераклиги борасида мубоҳасали таклиф билан чиқиши кутилади.

БМТ ҳисоб-китобларига кўра, жорий йилнинг ўзидагина 60 минг одам Ўрта Ер денгизини кечиб ўтишга уринган.

Халқаро Амнести ташкилотининг айтишича, бу каби сафарга чиқишга мажбур бўлган муҳожирлар Ливияда даҳшатли таҳқирлашларга юз тутишмоқда.

2015 йилнинг ўзида Ўрта Ер денгизида 1800дан ошиқ муҳожирлар ҳалок бўлишган. Бу 2014 йилнинг айни даврига солиштирганда, 20 баравар кўпдир.

Чоршанба куни эълон қилиниши кутилаётган Оврўпо Комиссиясининг миграцион сиёсати муҳожирларнинг қонуний йўл билан Оврўпога келишларини уюштиришни таклиф қилади.

Аммо, унга барча Оврўпо Иттифоқи давлатлари рози бўлишлари керак.

Оврўпо раҳбарлари мазкур таклифларни июнь охирида бўлиб ўтадиган саммитда муҳокама қиладилар.

"Аҳмоқона фикр"

Оврўпо Комиссияси таклиф қилаётган охирги чоралар муҳожирларнинг Ўрта Ер денгизида чўкиб кетишларининг олдини олишга қаратилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ўтган йили Сурия, Эритрея, Нигерия ва Сомалидаги урушлар ва қашшоқликдан қочган 200 мингдан ошиқ одамлар денгизни кечиб ўтганлар, бир неча минг нафари эса сафар давомида нобуд бўлганлар.

Квота тизими қатор омиллар, хусусан бир мамлакатнинг аҳолиси, иқтисодий кўрсаткичлари ва аввал қабул қилинган бошпана изловчилар сонига қараб белгиланади.

Олмония квота тизимини қўллаб-қувватлаяпти. У ўтган йили 200 мингта бошпана аризасини олган.

Қирғоқларига кўплаб муҳожирлар кемаларда келиб тушаётган Италия ва Малта Оврўпо Иттифоқининг бошқа аъзоларида муҳожирлар учун масъулиятни тенг бўлиб олишга чақиришмоқда.

Австрия Канцлери Вернер Файман квотани "адолат масаласи" дея тасвирлади, ҳамда бошпана "раҳмдиллик амали эмас, балки инсоний ҳуқуқ" эканини айтди.

Бироқ, Оврўпо Иттифоқининг бошқа аъзолари квота ғоясига кескин қаршилик билдиришмоқда.

Британия ҳукумати воизи: "Британия энг кўп муҳтож одамларга бошпана беришдек тажрибага эга, аммо биз мажбурий жойлаштириш тизимига ишонмаймиз", - деб айтди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

"Биз Оврўпо Комиссиясининг мажбурий квота тизимини киритиш йўлидаги ҳар қандай таклифларига қаршилик қиламиз", - дея қўшимча қилди у.

Венгрия, Словакия ва Эстония раҳбарлари ҳам квота тизимига қарши чиқишган, Венгрия Бош Вазири Виктор Обан уни ҳатто "аҳмоқона фикр" дея қоралади.

Душанба куни Оврўпо Иттифоқининг ташқи ишлар бўйича раҳбари Федерика Могерини БМТ Хавфсизлик Кенгашидан Ливияда амал қилувчи одам ташувчиларга қарши ҳарбий куч ишлатишга рухсат сўрайди.

БМТ рухсатисиз Ливия ёки халқаро сувларда амал қилаётган одам ташувчилар кемаларини йўқ қилишга қаратилган ҳарбий амалиётлар ноқонуний ҳисобланади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio