Индонезия ҳарбий денгизчилари муҳожирлар кемаларини "ҳайдаб юборган"

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Индонезия ҳарбий-денгиз флоти хабар қилишича, ўз ҳаётларини хавф остига қўйиб тинч мамлакатга етиб олиш мақсадида денгизга чиққан Мянмар ва Бангладешлик муҳожирлар ўтирган кемаларни Индонезия соҳилларидан нарига кеткизганлар.

Индонезия ўзидан узоқлаштирган муҳожирлар сони юзлаб кишини ташкил этиши хабар қилинмоқда.

Индонезия ҳарбий-денгиз флоти сўзчиси Манахан Симорангкир айтишича, бундай йўл тутганларининг сабаби, муҳожирлар ўзларининг кўзлаган манзиллари Малайзия эканини айтганлар.

Шунинг учун муҳожирлар ихтиёрига кемалар ҳамда озиқ-овқат берилиб, уларнинг яна сузиб кетишларига қўйиб берганлар Индонезия ҳарбий денгизчилари.

“Йўловчилар тирик ва уларнинг аҳволи яхши”, деб айтган Индонезия ҳарбий-денгиз флоти сўзчиси.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Халқаро муҳожирлик ташкилоти ушбу хабарни даҳшатга солувчи деб таърифлаган.

Ташкилотга кўра, 8000 тача муҳожир бир неча ҳафталардан буён денгизда қолиб кетмоқдалар.

Мянмардан айрим Роҳинга мусулмонларининг ҳали март ойида йўлга чиққанлари, ҳамон бирор якуний манзилга етиб ололмасдан, шарт-шароит йўқ кемаларда қолиб кетаётганлари хабар қилинмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Зўравонликлар ва қашшоқликдан қочиб йўлга чиққан Мянмар(Бирма) Роҳинга мусулмонлари ва бангладешликлар одам савдогарлари хизматларидан фойдаланадилар.

Шу вақтгача ҳам Таиландаги одам савдогарлари пул эвазига инсонларни Таиланд ичидан, қуруқликдан Малайзияга етказиб қўйиш билан шуғулланиб келганлар.

Охирги пайтда Таиланд ҳукуматининг инсон траффикинги билан шуғулланадиганларга қарши курашни кучайтиргани боис одам ташувчилар муҳожирларни узоқ масофали денгиз йўли орқали кемаларда олиб ўтишга уринмоқдалар.

Халқаро муҳожирлик ташкилоти, денгизда узоқ бўлиш инсонларни бетоб қилишини ва шунинг учун муҳожирлар зудлик билан қуруқликка туширилиб, уларга тез тиббий ёрдам кўрсатилиши керак, демоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ