Чеченистонда мактаб ўқувчиси милиция бошлиғига иккинчи хотин бўлдими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIAN
Image caption Тўй бўлдими ё?..

Чеченистон мулозимлари бу хабарни рад этишмоқда.

Яъни, республика мулозимига кўра, Ножай-Юрт туманининг ички ишлар бошқармаси бошлиғи Нужуд Гучигов 17 ёшли Луиза Гойлабиевага уйлангани йўқ.

Чеченистон раҳбарининг матбуот котиби, «Говорит Москва» радиоси билан суҳбатида « бу қизалоқ ва номи зикр этилган шахснинг Чеченистонда тўйи бўлгани йўқ», деб айтди.

Аммо котиб тўй умуман бекор қилиндими ва ё республика ҳудудидан ташқарида кечдими деган саволларга аниқлик киритмаган.

Би-би-си бу борада Чеченистон мулозимлари билан суҳбатлашиш истагида уларга сим қоқди.

Лекин ҳеч ким қўнғироқларга жавоб бергани йўқ.

Иккинчи хотин?

Айрим манбаларда 57, бошқаларида 46 ёшли Гучиговнинг 17 ёшли Гойлабилаева билан тўйи режалангани ҳақида ўтган ой охирларида «Новая газета» хабар берган эди.

Журналист Гучировнинг яна бир хотини борлиги ва иккинчисига уйланишдан аввал у биринчиси билан ажралиш ниятида эмаслиги ҳақида ёзишди.

Шундан кейин турфа миш-мишлар урчиди.

Милиция мулозими ўзига машъуқа топиб олиб, уни «қонунлаштирмоқда» деб ёзди кимдир.

Хабарларда 17 ёшли қизалоқ аслида бу тўйга розилик бермагани ҳам ёзилди.

Унинг оиласи ҳам бунга қарши бўлгани айтилди.

Аммо хабарларда зобит Гучигов томонидан таҳдидлар бўлгач, бу оила иложсиз қолгани ҳақида ҳам маълум қилинди.

Қодиров рухсат берди…ми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Қодиров тўйга рухсат берган эди

Май ойида эса республика раҳбари Рамзан Қодиров ишга аралашди.

У шахсан ўзи Гойбалиевага турмушга чиқишга рухсат берганини, қиз ва унинг оиласи бунга қарши эмаслигини айтди.

Аммо Қодиров ҳам Гучигов муқаддам уйланганми, ҳозир хотини билан яшайдими ё йўқми деган саволларга ойдинлик киритмаганди.

Россияда иккихотинлилик қонунан тақиқлаб қўйилган.

Қодиров шу билан бирга чечен журналистларининг «пўстагини қоқди».

«Новая газета» да эълон қилинган мақолага жавоб берилмагани учун республиканинг матбуот вазири ишдан бўшатилди.

Россия президенти ҳузуридаги болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича мулозим Павел Астахов ҳам газетадаги хабар ўз исботини топмаганини айтди.

Унга кўра, Чеченистондаги болалар масалалари бўйича омбудсмен Хамзат Харахматов бу масалани текшириб кўрган.

Астаховга кўра, журналистлар ноаниқ маълумотлар асосида хабар тайёрлашган.

Унга на бу қизнинг ўзи ва на оиласи мурожаат қилган.

Шунинг учун ҳам минтақага сафар қилишга ҳожат қолмаган.

Федерация кенгашида эса мулозимнинг бунақа «тебранмаслиги» дан норози бўлишган.

Конституцион қонунчилик бўйича мулозим Константин Добрининга кўра, Астахов Чеченистонга бориши ва вазиятни ўрганиши керак эди.

Унга бу ҳақда арз қилишларини кутиб ўтирмаслиги лозим эди.

Президент ҳузуридаги инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича мулозим Элла Памфилова ҳам бу каби турмуш қуриш «ўрта асрлар»нинг рамзи бўлади ва агар тўй бўладиган эса, «унда ким бўлса ҳам Россия Федерациянинг қонунлари олдида жавоб бериши керак», деб айтган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype – bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ