Роҳинга мусулмонлари инқирози қаердан портлади?

Image caption "Осмон олис, ер қаттиқ..."

Тайланд ва Малайзия соҳилларига яқин сув ҳудудида қолиб кетаётган бирмалик муҳожирлар сони минглаб эканига ишонилади. Уларнинг озиқ-овқат ва ичимлик суви заҳиралари тугаб бораётгани халқаро хавотирларни уйғотган.

Индонезия, Малайзия ва Тайланд асосан Роҳинга мусулмонлари тушган қайиқларни қабул қилмаётир.

Муҳожирлар Бирмага қайтиб кета олмасликларини, у ерда улар фуқаро саналмасликлари ҳамда доимий таъқиб остида эканларини айтишади.

Бунга сабаб нима?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Замонавий дунёда беватан халқ...

"Бунга сабаб битта", дейди Банкокдан Роҳинга мусулмонлари бўйича эксперт Крис Лева, "Бирма ғарбидаги Рахин штатидаги мусулмонларга қарши мухолифлик шу қадар кучлики, улар мамлакатни тарк этишдан бўлак танлов йўқ деган тўхтамга келганлар. Кўпинча бу ҳаётий заруратга айланган".

Уларга қарши таҳқирона муносабат илдизлари Бирманинг Британиядан мустақил бўлиб чиқиш даврига бориб тақалади.

Айниқса, Рахин штатидаги бир миллионга яқин Роҳинга мусулмонлари буддойиларнинг жуда кескин адоватли муносабатлари қаршисида қолишган.

Ушбу мусулмонлар ўзларини яккалаш сиёсати жабрдийдарилари деб атайдилар.

Уларга кўра, сиёсий чекловлар шундоқ ҳам қашшоқликда умргузаронлик қилувчи жамоа аҳволини янада абгор қилган.

Бирмада ҳукумронлик қилиб келган ҳукуматлар, жумладан, яқиндаги ислоҳотпарварроқ дея кўрилаётган тузум ҳам Роҳинга мусулмонларини асл ерлик этник гуруҳ санамайди ва улар мустамлака даврида келиб қолган бенгаллар эканини айтишади.

БМТнинг Қочқинлар бўйича агентлигига кўра, сўнгги уч йил ичида 120, 000дан ортиқ Роҳинга мусулмонлари кемаларда бошқа давлатларга йўл солишган.

Кўплар ўзларини қабул қиладиган макон топа олмай, Осиёнинг жануби ва шарқи бўйлаб сарсону саргардон юришибди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Роҳинга озчиликлари ўзи ким ва ё "осмон олис, ер қаттиқ"ми?

Роҳинга Бирмадаги туманнинг номи бўлиб, унда асосан мусулмонлар истиқомат қилишади.

Тахмин қилинишича, улар мусулмон савдогарларининг авлодлари ва айни минтақада 1,000 йилдан ортиқроқ вақтдан бери ўрнашиб қолишган.

Роҳинга мусулмонлари Бангладеш, Саудия Арабистони ва Покистонда ҳам яшайдилар.

Бирмада улар доимий таъқибга учрайдилар, мажбурий меҳнатга сафарбар қилинади. Уларда ерга эгалик ҳуқуқи йўқ ва қаттиқ ҳақлари қаттиқ чегараланган.

Жамоанинг Бангладешда яшовчи вакиллари ҳам ўта қашшоқ, ҳужжатсиз ва ишга кириш имкониятларидан маҳрум ҳолатда яшайдилар.

Роҳингаларга минтақа давлатлари муносабатлари қандай?

"Улар ниҳоятда нохуш қаршиланади. Оврўполиклар ҳеч бўлмаганда Шимолий Африкадан келаётган муҳожирларни сувга ғарқ бўлишларини олдини олиш учун саъй-ҳаракатлар бошлашди. Бирмага қўшни давлатлар (Тайланд, Малайзия, Индонезия, Бангладеш - таҳририят) эса, Роҳинга мусулмонларига бирон бир кўмак кўрсатишни исташмаяпти", дейди Крис Лева.

Бу қочқинларни ким едириб-ичириши керак?

Аксар ёрдам агентликлари ва ноҳукумат ташкилотлар ўз сув ҳудудига кириб қолган қочқинларга ғамхўрлик кўрсатиш Тайланд, Малайзия ва Индонезиянинг қонуний масъулият бўлмаган тақдирда ҳам, ахлоқий мажбуриятидир деган қарашда якдил.

Бу мамлакатлар қочқинларга қандайдир ёрдамлар кўрсатишаётган эса-да, Крис Леванинг айтишича, бирон бир ҳукумат тезкор қидирув ва қутқарув амалиётларини ташкил қилаётгани йўқ.

Ҳуқуқшунослар айрим мамлакатларнинг бундай хоҳиш-истаклари йўқлигини улар қабул қилинган қочқинларни кейин ҳаёти ва ё эркинлиги таҳдид остида бўлган давлатга қайтариб жўната олмасликлари сабаби билан изоҳлашади.

БМТ Бош котиби Пан Ги Мун минтақа ҳукуматларини ўз олдиларидаги мажбуриятларини ёддан чиқармаслик, денгизда ташлаб кетилган инсонлар учун чегара ва бандаргоҳларини очиб қўйишга ундади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Алал-оқибат, муаммо ечими Бирма ҳукумати қўлида

Роҳингаликлар муаммосига ечим борми?

"Токи, халқаро ҳамжамият Бирма ҳукуматига Роҳинга жамоаси ҳаётини яхшилаш юзасидан босим қўймас экан, бу ҳал бўлмайди", дейди Крис Лева. "Чунки, алал-оқибат, мазкур муаммога фақат Бирма ечим топиши мумкин".

Танқидчилар эса, бу Осиё жануби ва шарқида жойлашган давлатларнинг қатъиятсиз ҳаракатлари натижаси эканини урғулашади.

Уларга кўра, бу мамлакатлар йиллар давомида Роҳинга мусулмонларининг аҳволига бефарқ бўлиб келишган. Натижада ҳозир кузатилаётган чуқур инсоний инқироз юзага келди.

Устига-устак, танқидчиларнинг фикрича, минтақавий анжуманларда, Бирмани ранжитиб қўйишдан қўрқиб, ушбу мавзунинг очиқ муҳокамасидан қочилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio