Горбачёв: ароққа қарши кураш чакки бўлганди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

СССРда Михаил Горбачёвни оддий одамларга ёмон кўрсатган ичкиликбозликка қарши кампания ҳақида Шўролар Иттифоқининг охирги президенти ўз фикрини билдирган.

Жаноб Горбачёвнинг айтишича, 1980-йиллардаги алкоголга қарши курашнинг мақсади яяхши бўлган, бироқ уни ҳаётга татбиқ этишда хатоларга йўл қўйилган.

СССРнинг биринчи ва сўнгги президенти бу ҳақда Москвада нашр этиладиган "Комсомолская правда" рўзномасига берган интервюсида гапирган.

Шўролар Иттифоқининг раҳбарияти 1985 йили ичкиликбозликни камайтириш мақсадидаги кампанияни бошлаган.

Бунга СССРнинг дунёда спиртли ичимлик истеъмол қилиш бўйича энг юқорига ўринга чиққани сабаб бўлган.

Дўконларда ароқ, вино, пиво ва бошқа спиртли ичимликлар билан савдо қилиш соатлари қисқартирилган.

Дўконлар, пивохоналар қаршисида узундан-узун навбатлар юзага келган, одамлар ўртасида норозилик пайдо бўлган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Михаил Горбачёв бу кампания мобайнида йўл қўйилган хатоларни тан олган.

"Бу магазинларни ёпиш бўйича ҳаддидан ошиш бўлган, айниқса, Москвада. Улкан навбатлар. Самогон қуйишнинг кўпайиб кетиши. Дўконлардан шакар йўқолди. Кампания эмас, балки узоқ муддатга мўлжалланган режали алкоголизмга қарши курашни ўтказиш лозим эди", деб айтган жаноб Горбачёв.

Собиқ президент сўзларига кўра, бу кампания ижобий натижаларга ҳам эришган.

Хусусан, ўлим ҳоллари камайиб, туғилиш кўпайган.

"Аксилалкогол кампания пайти олдинги йилга солиштирганда 1,6 миллион кам одам ўлган. Ишлаб чиқариш ва йўллардаги бахтсиз ҳодисалар сони кескин камайди", деб айтган Михаил Горбачёв.

СССР аҳолиси ўртасида норозилик ортиб борди, ноқонуний алкогол ишлаб чиқариш кўпайди, давлат бюджетига тушум камайиб кетди.

Натижада кампания бошланганидан икки йил ўтиб, уни бекор қилишга тўғри келди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ