'ИШИД муҳожир кемаларида Оврўпога сизмоқда'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Исломий Давлат ёки ИШИД жангариларининг Ўрта Ер денгизидаги муҳожирлар инқирозидан фойдаланган ҳолда қочқин қиёфасида Оврўпога сизиб кираётгани иддао қилинмоқда.

Би-би-сига гапирган Ливия расмийларидан бирининг айтишича, одам савдогарлари Исломий Давлат жангариларини қочқинлар ўтирган қайиқларга жойлаштирмоқда.

Ливия ҳукуматининг маслаҳатчиси Абдул Рашид Ҳорун қайиқ эгалари ИШИД жангариларининг кўрсатмасига биноан ҳаракат қилаётганликларини ҳам айтган.

Унинг сўзларига кўра, "Исломий Давлат фойданинг 50 фоизини бўлишиш шарти билан одам савдогарларининг фаолиятига рухсат бериб қўйган".

Ливия мулозимининг айтишича, Оврўпо хавфсизлик кучлари ким муҳожир, ким жангари эканини ажрата олиш салоҳиятига эга эмас.

Жангариларнинг қўлга тушмаслик учун бошқа-бошқа қайиқларга ўтиришларини айтган Абдул Рашид Ҳорун "ҳаммаси 100 фоиз ИШИД аъзолари" дея даъво қилган.

Унинг айтишича, ИШИД жангарилари келажакда Оврўпода террорчилик амалларини режалашмоқда.

Аввалроқ Оврўпо Иттифоқининг соҳилни қўриқлаш хизмати шунга ўхшаш баёнот билан чиққан эди.

Frontex оврўполик сиёсатчиларни исломий жангарилар муҳожирлар қиёфасида Оврўпога сизиши эҳтимоли ҳақида огоҳлантирган.

Сурия ва Ироқда йирик ҳудудларни назорат қилаётган ИШИД 2014 йилнинг охирларидан эътиборан Ливияда ҳам ўз таъсирини кучайтирган.

Бирлашган Миллатларнинг тахминича, шу йил бошидан буён камида 60 минг муҳожир ўрта Ер денгизи орқали Оврўпога киришга уринган.

2015 йилда таҳликали денгиз сафари чоғида ҳаётдан кўз юмган қочқинлар сони 1800 дан ошган.

Бу рақам ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 20 баробар кўп демакдир.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype – bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ