Украина: икки Россия аскарини қўлга олдик

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Украинага кўра, суратдаги исёнчиларни Россиянинг мунтазам армияси ҳарбий дастакламоқда.

Украина расмийлари хабар қилишича, ўзини Луганск халқ республикаси деб эълон қилган россияпараст бўлгинчилар ҳудудида Россия махсус қўшинлари сафида ҳарбий хизматни ўтаётган икки аскарни ҳибс қилганлар.

Украина ҳарбийларига кўра, 16 май куни Луганск вилоятининг Украина ҳарбийлари назоратидаги Счасте шаҳарчаси ҳудудида икки Россия ҳарбийси яраланган ва қўлга олинган.

Ярадор аскарлардан бири видеоси намойиш этилган.

Видеода аскар савол-жавобга тутилган.

Ўзини Александр Александров деб таништирган аскар Россиянинг Толятти шаҳридаги Россия ҳарбий қўшинлари Марказий Истиҳборот бошқармаси бош штабида хизмат қилганини айтган.

Аскар айтишича, улар 14 кишидан иборат гуруҳ бўлиб Украина ҳарбийлари ҳақидаги жосуслик маълумотларини йиғиш мақсадида Украина армияси назоратидаги ҳудудга ўтганлар.

У сафдошлари ва бевосита раҳбарининг номини эълон қилган.

Видеонинг ҳақиқийлигини мустақил манбалар томонидан тасдиқланмаган.

Россияпараст Луганск раҳбарларига кўра, қўлга олинган ҳарбийлар Луганск милициясида хизмат қилганлар.

Россия ҳарбийлари ушбу ҳодиса борасида шарҳ бермаган.

Украина ва Ғарб Россияни Луганск ва Донецк вилоятларига ўзининг мунтазам қўшинларини юбораётганликда, бўлгинчиларни қурол-яроғ билан таъминлаётганликда айблаб келади.

Россия Украина ҳудудига ўз ҳарбийларини юборганини рад этиб келади.

Президент Владимир Путин сўзларига кўра, Украина шарқида қўлига қурол олиб урушга киришганлар ўз ихтиёри билан борган кўнгиллилардир.

Украина шарқидаги бир йиллик уруш давомида Россия қўшинлари ҳозирлиги ҳақида кўплаб исбот-далил тўпланди.

Бунга мисол қилиб кўплаб фотосуратларни, яксон қилинган ҳарбий техникаларни, асирга тушганларнинг кўрсатмаларини, Украина ҳудудида ҳалок бўлган Россия ҳарбийларининг дафн маросимларини келтириш мумкин.

12 май куни таниқли россиялик мухолиф сиёсатчи марҳум Борис Немцовнинг сафдошлари "Путин. Уруш" деб номланган ҳисоботни эълон қилдилар.

Шу йил феврал ойи охирида Кремл яқинида отиб ўлдирилган Борис Немцовнинг Россия армиясининг Украинадаги иштироки ҳақида ҳисобот тайёрлаётгани хабар қилинган эди.

Эълон қилинган ҳисоботга кўра, ўтган йили августи ва жорий йил бошида камида 220 Россия аскари ҳалок бўлган.

Украина шарқидаги уруш оқибатида 6000 дан ортиқ инсон ҳалок бўлди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ